

"Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик ва қийин бўлишини билардик. "Навбаҳор" яхши футболчиларга эга кучли жамоа. Биз схемани ўзгартиргандик. Шу туфайли биринчи таймда қийинчиликка учрадик. Айрим вазиятларда футболчиларимиз қийналишди. Айниқса ҳужумга чиқишга. Шунинг учун дастлабки бўлим биз учун оғир кечди. Танаффусдан кейин тактикамизга бироз ўзгартириш киритдик. Кейин эса ҳужумкорроқ ўйнадик ва гол уришга эришдик. Ҳаракат қиламиз ўйинимизни яхшилашга. Ҳозирги ҳолатимиз яхши эмас. Ўтган мавсумда ҳам шундай ҳодиса рўй берганди. Якунда қийин ҳолатдан чиқиб кета олгандик. Жамоада яхши футболчилар тўпланган. Мағлубиятлар футболчиларнинг руҳиятига таъсир ўтказмоқда. Ушбу жабҳани яхшиласак барчаси яхши бўлиб кетишига ишонаман. Яхши шаклланган жамоамиз. Ҳозирча кичик тушунмовчиликлар бўлмоқда. Ушбу муаммо йиғиндаги ҳолатимиз билан боғлиқ деб ўйлайман. Қишки йиғинларимизнинг иккинчи босқичида жуда кўп нарсани ўтказиб юбордик. Тайёргарлигимиз кўнгилдагидек бўлмади. Мавсумга тўғри ва яхши тайёргарлик кўра олдик деб ўйламайман. Шунинг учун ҳам шундай муаммоларга дуч келмоқдамиз. Бундай жараёндан ўтиб олишимиз керак. Жамоага интенсивлик керак. Тезроқ қарши ҳужумларга ўтишимиз керак. Ушбу жиҳатни яхшилаб олсак, ҳозирги ҳолатимизни яхшилаб оламиз ва қийин аҳволдан чиқиб кета олишимизга ишонаман", - деди Отабек Нарзуллаев баҳс якунлангач.
- "Андижон"га қарши ўйиндан сўнг Игорь Суров вазиятларимиз бор, аммо гол ура олмаяпмиз. Асосий муаммомиз шунда деб айтиб ўтган эди. Табиийки, "Машъал"га "Навбаҳор" каби кучли рақибларга қарши ўйнаганида кўплаб вазиятларга эга бўла олмайди. Бугунги учрашувдаги хавфли вазиятлардан фойдаланишдан қанчалик кўнлингиз тўлди? Жамоа бугун жорий мавсумдаги илк голини киритишга мувофиқ бўлди.
- Биринчи голдан хурсандмиз, аммо бу аянчли ҳолат. Ҳужумчиларимиздан кўпроқ гол уриш ва зарба беришни талаб қиламиз. "Навбаҳор" билан ўйинда кўпроқ қарши ҳужумларга таянишни режа қилгандик. Қарши ҳужум орқали ўйнаганимиз учун айрим вазиятларда йигитлар бир-бирини тушунмай қолди. "Навбаҳор"дек жамоага гол уриш яхши.
- Бугун клуб матбуот хизмати бош мураббий Игорь Суров сурункали касаллик туфайли яна бир нечта ўйин давомида жамоага ёрдам бера олмаслигини эълон қилди. Март ойининг бошида ҳам Суров бир нечта ўйинни ўтказиб юборган эди. Ушбу ҳолат жамоага қанчалик таъсир қилмоқда?
- Таъсири катта. Бош мураббий, барибир бош мураббий. Ёрдамчи мураббий эса ёрдамчи мураббий. Бош мураббий бўлсагина футболчилар ўз ишини яхшилашга ҳаракат қилади. Суровнинг соғлигида муаммо бор. Андижондаги ўйиндан сўнг жамоа самолётда ортга қайтган бўлса, Суровни таксида ортга жўнатиб юбордик. Кутилмаганда қон босими билан боғлиқ муаммо бўлгани учун уни таксида жўнатдик. Суров жамоа билан бирга, базада даволанмоқда. Якуний қарорни эса раҳбарият қабул қилади. Ким бош мураббий бўлиши ёки ким ёрдамчи бўлишини билмаймиз. Агар соғлиги яхши бўлса балки қайтар. Балки раҳбарият жавоб берар. Ҳозир жамоанинг натижалари ҳам яхши эмас. Агар маҳаллий ёки ёш мураббий шундай натижа қайд этганида, бундай ҳолатни тўғри қабул қилсак бўлар эди. Бироқ хорижлик мураббий билан бундай ёмон натижа қайд этилиши яхши эмас. Раҳбарият бу ҳақда ўйлаб кўрса керак.

- Ҳумоюн Муртазоев иккинчи бўлимда захирага олинганида юзида икки маъноли табассум бор эди. Муртазоев алмаштирилгач, захира ўриндиғида ўтирмай дарҳол кийиниш хонасида йўл олди. Муртазоев захирага олинганидан норози бўлдими?
- Ҳумоюн кейинги ўйинларга керак бўлади. Биз ҳар бир ўйинга алоҳида режа тузамиз ва ҳар бир футболчи қанча вақт ўйнаши белгиланган. Уни кейинги ўйинга асрадик. Муртазоев бугун кўп куч йўқотди. Феъл-атвори яхши футболчи, ҳеч қачон мураббий сўзини икки қилмаган. Майдондаги ва майдондан ташқаридаги ҳақиқий сардор.
- Бугун "Машъал" таркибида дебютантлар бўлди. Асосан U21 таркибида тўп тепадиган ва ҳали асосий жамоада дебют қилмаган футболчиларни майдонга ташладингиз. Бугун дебютантлардан қониқдингизми?
- Авваламбор, бу яхши ҳолат. Ҳеч бир мураббий бундай катта ўйинларда ёшларга имконият бермайди. Мен кўпроқ ёшларни ўйнатишни яхши кўраман. Бу футбол, ким тезроқ ва яхшироқ ўйнаса, ўша таркибдан жой олди. Ёш ёки тажрибаси йўқ деб ўтирмайман. U21 ҳам катта футбол ҳисобланади. Суҳроб Пармонқулов яхши ҳаракат қилди. Унинг ўйинидан қониқдим. Кейинги турларда яна ўринбосарлар жамоасидан футболчиларни жалб этамиз. Ёшларга имконият бериш керак. Улар ҳам ўйнаши керак-ку.
- Аввалги тўрт ўйинда Достонбек Тўхтабоев дарвозани қўриқлаганди. Бугун эса Азамат Сойибов дебют ўйинини ўтказди. Дарвозабонлар ўртасидаги рақобат ҳақида гапириб ўтсангиз…
Бу рақобат. Достон тўртта ўйинда ўтказиб юборган голларининг барчасида жамоавий хатолар бўлган. Посбон ёки фақатгина ҳимоячиларнинг хатоси эмас. Бутун жамоа ўша вазиятда яхши ўйнамаган. Гол ўтказиб юборилса, мураббийлар штаби ҳам хатога йўл қўйган ҳисобланади. Достонга бироз дам бердик. Руҳий томондан тикланиб олиши керак. Ҳар бир ўйинчи мен учун керакли. Олдинда ҳар уч-тўрт кунда ўйнашимиз керак бўлади.
- "Машъал" Суперлиганинг дастлабки беш ўйинида 12та сариқ ва 2та қизил карточка билан жазоланди. Бугунги учрашувда ҳам футболчилар жуда берилиб ва бироз қўполроқ ўйнагандек. Айрим тўқнашувлардан сўнг "Навбаҳор" футболчилари жиддий жароҳат олиши мумкин эди. Футболчиларни дисциплинар жиҳатдан бироз тинчлантириб қўйиш керак эмасми?
Фикрингизга қўшиламан. Бу ҳолат дисциплина билан боғлиқ. Футболчилар кетма-кет ўйинларда мағлуб бўлаверса, кайфиятга таъсир ўтказади. Концентрация йўқолади. Биз айтганимиз билан фойдаси йўқ. Футболчилар майдондаги "жангчи" бўлиши керак. Сариқ ва қизил карточка олаётган футболчилар майдонда курашаётган бўлади. Бундай ҳолатларда биз қарши эмасмиз. Бизга "жангчи"лар керак. Жамоанинг ўйини чиқмаса ҳам шундай агрессив футбол орқали натижани қўлга киритиш мумкин. Ўйинда кўп курашлар бўлади ва шундай вазиятларда сариқ ва қизил карточкалар кўрсатилиши мумкин.



