Муҳаммадали Усмонов: "'Андижон'га қарши 200 фоиз куч билан ўйнаймиз. Бир хил жуфт рақамларда ўйнашимда ҳеч қандай маъно йўқ"

Оқил Абдубарноев
4 апр 2026
Суперлиганинг 5-тури доирасида "Навбаҳор" - "Машъал" (2:1) учрашувидан кейин наманганликлар футболчиси Муҳаммадали Усмонов ўз фикрларини билдирди.

– Адашмасам, бугун мавсумда иккинчи марта асосий таркибда майдонга тушдингиз. Ўйин ҳақида фикрларингиз...

– Ишонч билдиргани учун мураббийга миннатдорчилик билдираман. Ўзимни максимал кўрсатишга ҳаракат қиламан.

– "Машъал" дарвозасига урган голингиз ва ассистингизда ҳам бир вақтлар "Пахтакор"да бир ўйнаган жамоадошларингиз (Диёр Холматов ва Умар Адҳамзода) иштирок этди. Ўтмишда бирга ўйнаганларингиз ҳозир ҳам бир-бирларингизни тушунишда ёрдам беряпти дейиш мумкинми?

– Диёр ва Умар ака билан бир-биримизни яхши биламиз. Лекин буни жамоавий ўйин маҳсули деган бўлардим.

– Ўтган турда "Қўқон-1912"дан учралган мағлубиятдан қандай хулоса чиқарилди? Жамоа ФИФА кунларидаги танаффусда ҳам ОКМКга ютқазди. Назаримда, "Навбаҳор" иккинчи рақамли жамоа сифатида ишончли ҳаракат қилмоқда.

– Бугунги ўйинда мураббий шундай тактика танлади. Прессинг натижасида гол уришга эришдик. Менимча, ишланмалар ўхшади.

– Голингизни кимга бағишладингиз?

– Отамга.

– Навбатдаги турда жамоани сафарда "Андижон"га қарши ўтадиган водий дербиси кутиб турибди. Ўзингиз Андижонда туғилганингизни ва ўтган мавсумнинг иккинчи яримини айнан "Андижон" таркибида ўтказганингизни ҳисобга олсак, бугунги кўтаринки кайфият ва ишончли ўйинингиз собиқ жамоангизга қарши баҳс олдидан сизга қандай руҳий устунлик беради? Ўз шаҳрингиз жамоасига қарши майдонга тушиш сизда қўшимча ҳаяжон уйғотмайдими?

– Босим йўқ. Аксинча, мотивация олиб, 100 фоиз эмас, 200 фоиз куч билан ҳаракат қиламиз. Ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

– "Пахтакор"га қарши баҳсда ҳам ўзгача иштиёқ билан ҳаракат қилгандингиз, бу сафар ҳам сиздан шуни кутамиз...

– Бундан ҳам кучлироқ бўламан.

– Муҳаммадали, "Навбаҳор" сафида 77-рақамни танладингиз, ўтган мавсумда эса "Андижон"да 99-рақамда ҳаракат қилган эдингиз. Футболчилар учун рақам танлаш одатда қандайдир ўзига хос маънога эга бўлади. Бу сизга бир хил рақамлар ёқишидан дарак берадими? Машиналарда ҳам учта 777 рақами қимматбаҳо ҳисобланади.

– 77-рақам ўзимга ёққани учун танлаганман. Бунинг тагида ҳеч қандай маъно йўқ.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia