

Мусобақанинг сўнгги учрашувида амалдаги чемпион Жидданинг "Ал Аҳли" жамоаси Япониянинг "Мачида Зелвия" клубига қарши майдонга чиқади. Ушбу баҳсни Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Унга қанотларда Андрей Цапенко ва хитойлик Жу Фей ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Осиё Кубоги-2023 финалини бошқарган хитойлик Ма Нинг тайинланган. Ҳамюртимиз Фирдавс Норсафаров эса AVAR ҳаками сифатида тайинланган. Бугунги финал Норсафаров фаолиятидаги илк финал учрашуви бўлади.
Қизиғи шундаки, Танташев учун бугунги учрашув фаолиятидаги иккинчи финал ҳисобланади. Ҳамюртимиз бунга қадар 2023/24-йилги мавсумда "Ал-Айн" ва "Йокоҳама Маринос" ўртасидаги финалнинг жавоб учрашувида ишлаган эди. Шунингдек, бугунги финал Танташев бригадаси учун жорий мавсумдаги саккизинчи тайинлов бўлди. Мундиалда ишлайдиган ҳакамимиз бунга қадар битта чорак финал, битта 1/8 финал ва бешта гуруҳ босқичи ўйинида ишлаган эди. Илгиз Танташев 2013 йилдан буён ФИФА ҳакамлари рўйхатидан ўрин олган ва кетма-кет 11-мавсумдан бери Осиё Чемпионлар Лигасида ҳакамлик қилиб келмоқда. Халқаро миқёсда унинг тажрибалар рўйхатидан 2019 ва 2023-йилги Осиё Кубоклари, 2024-йилги Олимпия ўйинлари ва 2025-йилги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати жой олган. Шунингдек, Танташев бригадаси бир неча ойдан сўнг старт оладиган ЖЧ-2026 мусобақасига чақирув олган ҳакамлар рўйхатидан ўрин олган эди.

Ўзбекистонлик ҳакамлар ОФКнинг замонавий тарихида саккизинчи бор финал учрашувини бошқаришга тайинландилар. Бу ОФКга аъзо барча миллий ассоциациялар орасидаги энг яхши кўрсаткичдир. Танташевга қадар, 2007-2017 йиллар оралиғида Равшан Ирматов бешта финални бошқарган бўлса, 2019 йилги мавсумнинг финал баҳсида Валентин Коваленко бош ҳакам бўлган эди.
2007 йил
Финал "Урава Ред Диамондс" - "Сепахон" 0:0
Бош ҳакам: Равшан Ирматов
2011 йил
Финал "Ал-Садд" - "Чонбук Моторс" 2:2
Бош ҳакам: Равшан Ирматов
2013 йил
Финал "Гуанчжоу Эвергранд" - "Сеул" 5:5
Бош ҳакам: Равшан Ирматов
2015 йил
Финал "Гуанчжоу Эвергранд" - "Шабаб Ал-Аҳли" 1:0
Бош ҳакам: Равшан Ирматов
2017 йил
Финал "Ал-Ҳилол" - "Урава Ред Даймондс" 0:1
Бош ҳакам: Равшан Ирматов
2019 йил
Финал "Ал-Ҳилол" - "Урава Ред Даймондс" 3:0
Бош ҳакам: Валентин Коваленко
2024 йил
Финал "Ал Айн" - "Йокохама Маринос" 5:1
Бош ҳакам: Илгиз Танташев.
Эслатиб ўтамиз, финал учрашуви бугун соат 21:15да Жиддадаги "Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити" стадионида ўтказилади.

Абдулвосит Бектемиров тайёрлади



