"У 10 нафар футболчини алмаштирмоқчи эди" — Лапорта Хавининг истеъфоси ҳақидаги ҳақиқатларни очиқлади

Aslanov Jasurbek
23 фев 2026
"Барселона" собиқ президенти ва бўлажак сайловларда номзод сифатида иштирок этаётган Жоан Лапорта 2024 йилда Хавининг бош мураббийликдан бўшатилиши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди.

Унинг сўзларига кўра, қарор ҳиссиётлар остида қабул қилинмаган.

Ишонч ва "суши" воқеаси:

Лапорта ўша пайтдаги шартнома узайтирилиши ва уни нишонлаш учун суши буюртма қилингани ҳақидаги гапларни шунчаки қизиқ воқеа деб атади. Асосий муаммо мураббийнинг жамоа келажагига бўлган ишончида эди.

Мураббий ва раҳбарият ўртасидаги зиддият:

Лапортанинг таъкидлашича, Хавининг фикрлари тез-тез ўзгариб турган:

"Бу импульсив қарор эмас эди. Мен ундан тажриба ҳақида сўраганимда, у Қатарда етарлича тажриба тўплаганини айтганди. Мен унга ишонгандим, лекин ҳаммаси биз кутгандек бўлмади.

Вазиятни унинг гаплари ўзгартириб юборди. Мен ундан жамоага ишониш-ишонмаслигини сўраганимда, у 100 фоиз ишонишини айтганди. Бироқ икки ҳафта ўтиб, Хави "Барса" яна икки йил давомида рақобатбардош бўла олмаслигини билдирди", — деди Лапорта.

Таркибни "тозалаш" режаси:

Энг қизиқ маълумотни Лапорта клуб спорт директорига таяниб айтди:

"Деку менга Хави таркибдаги 10 нафар футболчини янгиламоқчи эканлигини маълум қилди. Бу эса жамоа ичидаги муҳит ва клуб режаларига мутлақо зид эди".

Эслатиб ўтамиз, Хавининг кетишидан сўнг "Барселона"да янги давр бошланган эди, бироқ Лапортанинг бу гаплари собиқ мураббий ва раҳбарият ўртасидаги муносабатлар аслида қандай бўлганини кўрсатиб бермоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: As