Рафинья Неймарнинг Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоасига қўшилиши ҳақидаги саволга жавоб берди

Sherzod Nurmatov
20 мар 2026
Карло Анчелоттида 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Неймарни Бразилия терма жамоасига чақиришдан бошқа танлов қолмаслиги мумкин.

Журналистлардан бири 29 ёшли "Барселона" вингери Рафиньяга Неймар ҳақидаги савол билан юзланди.

Рафинья Неймарни ажойиб футболчи сифатида баҳолаб, у шубҳасиз жамоага катта фойда келтиришини таъкидлади:

"Ҳа, мен шунга умид қиламан. У ажойиб инсон. Ҳеч ким унинг маҳорати ёки ўйин тақдирини ҳал қилиш қобилиятидан шубҳаланмайди — у ҳатто Жаҳон чемпионати тақдирини ҳам ҳал қилиши мумкин. Неймарнинг ҳам майдонда, ҳам майдон ташқарисидаги мухлиси сифатида уни яна миллий жамоада, биз билан бирга ушбу чемпионатда рақобатлашишга тайёр ҳолда кўришни истайман.

Бу ўртоқлик учрашувларида у ҳеч кимга ўз иқтидори ёки миллий жамоага нималар бера олишини исботлаши шарт эмас. Мен ишонаманки, охирги кунда, терма жамоага сўнгги чақирув вақтида у биз билан бирга бўлади", – деди Рафинья.

Ҳозирча Анчелотти Неймарни бўлажак Жаҳон чемпионатига чақириш бўйича якуний қарор қабул қилмаган, бироқ кўриниб турибдики, унинг жамоада бўлишини нафақат мухлислар, балки бразилиялик футболчиларнинг ўзи ҳам интиқлик билан кутмоқда.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Marca