

Венесуэла терма жамоаси сардори Саломон Рондон турли конфедерациялар жамоаларини ўзаро тўқнаш келтирувчи FIFA Series доирасида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Тринидад ва Тобагога қарши ўртоқлик учрашувида дубль қайд этиб, терма жамоа сафидаги голлари сонини 50 тага етказиб олди ва бу орқали ўз мамлакатининг тарихидаги энг яхши тўпурар сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, фаолиятини якунлаган Хуан Арангодан нақ 27 та голга ўзиб кетди.
Янги бош мураббий Освальдо Вискаррондо қўл остидаги илк ўйин сифатида тарихга кирган мазкур баҳсда венесуэлаликлар Давид Альфонсо ҳамда Саломон Рондоннинг иккитадан урган голлари эвазига 4:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Хусусан, Рондон 81-дақиқада тўп билан катта масофани босиб ўтиб, дарвозабон Смит билан бирга-бир вазиятга чиққан ҳолда ўнг оёғида аниқ зарба йўллаб ҳисобни оширган бўлса, орадан беш дақиқа ўтиб, яъни 86-дақиқада яна бир бор ўз номини таблога ёздириб, ўйиннинг якуний 4:1 ҳисобини ўрнатди.
Миллий терма жамоа сафида 18 йил давомида 122 та учрашувда майдонга тушган ҳужумчи эндиликда бутун Жанубий Америка қитъаси бўйича фаолиятини давом эттираётган энг сермаҳсул тўпурарлар қаторидан жой олди – ушбу шарафли рўйхатни у Лионель Месси (115), Неймар (79), Луис Суарес (69) ва Алексис Санчес (51) каби юлдузлар билан баҳам кўрмоқда.
Душанба куни Венесуэла "Бунёдкор" стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Аввалроқ 36 ёшли ҳужумчи Ўзбекистонга қарши ўйин, АПЛдаги хет-трик ҳамда тўпурарлик маҳорати фақида фикр билдирганди.



