Драган Черан: "'Сўғдиёна'га қарши ўйин 4:0 бўлишини кутмагандик"

Оқил Абдубарноев
1 мар 2026
"Андижон" ҳужумчиси Драган Черан "Сўғдиёна"га қарши ўйиндан сўнг (4:0) клуб матбуот хизматига интервью берди.

– Драган, ғалаба билан табриклайман. Таассуротлар қандай? 

– Раҳмат. Жуда қийин ўйин бўлди. Гарчи 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсак-да, ўйин оғир кечди. Худога шукур, осон ўтмаган беллашувда ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. Албатта, вазиятлардан унумли фойдаланиб, мухлислар олдида ғалаба қозонишимиз керак эди. 

– Ҳисобнинг 4:0 бўлишини кутганмидингиз?

– Йўқ, кутмагандик. Аммо ўйинда шундай натижа қайд этилди. Албатта, шундай бўлиши учун ҳаракат қилдик. 4:0 – ўйлашимча, ажойиб натижа. 

– Сизда тўпурарлик салоҳияти мавжуд ва илк турданоқ гол уришни бошладингиз. Бу эса тўпурарлик курашидаги дастлабки юришингизни англатмоқда...

– Ҳужумчилар ўртасида тўпурарлик учун пойга бошланди. Қолганини вақт кўрсатади. Асосийси, жамоамиз ғалаба қозонди. Биринчи навбатда, индивидуал натижа эмас, балки жамоанинг муваффақияти муҳим.  

– "Бобур арена"даги атмосферани қандай таърифлайсиз?

– Атмосфера супер, таърифлашга сўз йўқ. Мухлисларга раҳмат. Ҳар ўйинда жамоамизни мана шундай қўллаб-қувватлашини кутамиз.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: "Андижон" матбуот хизмати