Аббос Отахонов: “Иложи борича юқори ўринлар учун курашамиз”

Iskandarov Abdulaziz
6 янв 2026
Ўтган мавсумда Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолган “Хоразм” жамоаси Тошкентда янги мавсумга тайёргарликни бошлади.

Жамоа ҳимоячиси Аббос Отахонов машғулот жараёнлари ҳамда янги мавсум олдидан қўйилаётган мақсадлар ҳақида фикр билдирди.

— Тайёргарлик жараёнлари қандай кетмоқда?

— 4 январь санасида йиғинни бошладик. Кун давомида икки маҳал машғулот ўтказяпмиз. Мавсумга тайёргарликни яхши бошлаб олдик. Таркибимиз ҳам янада тўлиқлашади. Ҳозирча асосий эътибор жисмоний ҳолатни тиклашга қаратилган.

— Ўтган мавсум билан солиштирганда, бу йилдан кутилмаларингиз қандай? Жаҳон чемпионати сабаб тақвим ҳам ўзгариши мумкин…

— Мураббийлар бу омилни ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик кўришмоқда. Ўтган йилги натижадан яхшироқ кўрсаткичларга эришишга ҳаракат қиламиз.

— Раҳбарият ва мураббийлар жамоа олдига қандай мақсад қўйган?

— Йиғинни эндигина бошладик, бу борада ҳали катта йиғилиш бўлгани йўқ. Аммо жамоа олдига юқори мақсадлар қўйилмоқда. Иложи борича юқори ўринлар учун курашамиз.




Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia