Тожикистон. "Истиқлол" беш ўйинда учинчи марта дуранг ўйнади

Оқил Абдубарноев
19 апр 2026
Тожикистон Олий лигасининг 2026 йилги мавсуми 5-тур баҳслари доирасида Душанбенинг "Истиқлол" жамоаси сафарда Фархорнинг "Ҳосилот" клуби меҳмони бўлди.

Фархор шаҳридаги Марказий стадионда бўлиб ўтган мазкур кескин учрашув 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланди. Ўйинда ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди – 23-дақиқада "Истиқлол" футболчиси Муҳаммаджон Раҳимов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ўз жамоасини олдинга олиб чиқди. Учрашувнинг асосий вақти пойтахтликларнинг кичик устунлигида якунланиб бораётган бир пайтда, ҳакам томонидан қўшиб берилган сўнгги сонияларда, аниқроғи 90+5-дақиқада мезбонлар вакили Салоҳиддин Иргашев муҳим голга муаллифлик қилиб, "Ҳосилот" жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Мазкур беллашувдан сўнг Виталий Левченко бошқарувидаги "Истиқлол" жамоаси ўтказилган 5 та тур натижасига кўра 2 ғалаба ва 3 дуранг билан 9 очко тўплаб, чемпионатда пешқадамлик қиляпти.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia