Мареска "Челси" ҳужумчиси жиддий жароҳат олганини тасдиқлади

Sherzod Nurmatov
8 дек 2025, 12:27
"Челси" ҳужумчиси Лиам Делап Премьер-лиганинг 15-туридан ўрин олган "Борнмут"га қарши (0:0) ўйинда елкасидан жиддий жароҳат олди.

"Челси" ҳужумчиси 32-дақиқада бурчак зарбаси пайтидаги тўқнашувда жароҳатга йўлиқди.

Жамоа бош мураббийи Энцо Мареска BBC'га берган интервьюсида ҳужумчининг жароҳати жиддийлигини маълум қилди.

"Афсуски, у олдин ҳам жароҳат туфайли икки ойни ўтказиб юборганди ва энди яна сафдан чиқди. Қанча вақт бизга ёрдам беролмаслигини ҳали билмаймиз, лекин у елкасидан жиддий жароҳат орттириб олди. У омадсиз. Биз ҳам бироз омадсизмиз, чунки бизга у каби тўққизлик футболчи жуда зарур", – деди Мареска.

Бу Делапнинг ушбу мавсумдаги иккинчи жароҳати — у тиззаости пайи жароҳати туфайли узоқ вақт ўйнолмаганди.

Шуни таъкидлаш керакки, Лиам 2025 йилнинг ёзида "Ипсвич"дан 40 миллион евро эвазига харид қилинганди. 22 ёшли ҳужумчи жами 11 ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол урди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: BBC