Габон бош мураббийи: "Ўзбекистон Тринидад ва Тобагодан бир бош устун эди"

Sherzod Nurmatov
31 мар 2026
Габон миллий терма жамоаси бош мураббийи Анисет Яла FIFA Series мусобақасидан ўрин олган Тринидад ва Тобагога қарши учрашувдан сўнг Championat.asia сайтига интервью берди.

– Габон биринчи ўйинда Ўзбекистонга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўзбекистон ва бугунги рақибингиз Тринидад ва Тобаго ўртасида қандай ўхшашлик ва фарқларни кўрдингиз?

– Айтайлик, биринчи фарқ – бу мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши, иккинчи ўйинда бундай бўлмади. Шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистон терма жамоаси Тринидад ва Тобагодан бир бош устун эди. Қаттиқ меҳнат қилиш талаб этилган вазиятлар бўлди. Назаримда, Ўзбекистон таркибида анчагина етук, маълум бир тажрибага эга бўлган футболчилар бор. Асосий фарқ айнан мана шу жиҳатда намоён бўлди.

– Пьер-Эмерик Обамеянг билан муносабатингиз қандай? Эшитишимизча, у Африка Кубоги билан боғлиқ воқеалардан сўнг терма жамоа чақирувини рад этган. Уни яна Габон либосида кўришимиз мумкинми?

– Одамлар буни тўғри тушунишлари керак. Пьернинг ўз миллий терма жамоаси билан ҳеч қандай муаммоси йўқ. Тўғри, ҳукумат қарор қабул қилишда бироз шошқалоқлик қилган бўлиши мумкин. Аммо у ўзининг клуби, яъни "Марсель" ҳозир унчалик ёрқин даврни бошдан кечирмаётгани сабабли бу ерга келмади. Пьер ўртоқлик ўйинлари мақоми ва сифатини ҳисобга олиб, ўз клубида қолишни сўради. У ҳеч қачон терма жамоага бошқа келмайман, деб айтмаган. Тўғри, у ҳозир бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмоқда, аммо Пьер учун Габон терма жамоаси эшиклари ҳамиша очиқ.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: Championat.asia