Венсан Компани: "Ҳамма Бундеслигани осон дейди, лекин бугун бундай эмаслигини кўрдик"

Aslanov Jasurbek
25 янв 2026
Мюнхеннинг "Бавария" клуби бош мураббийи Венсан Компани Бундеслига 19-турида "Аугсбург"дан учралган мағлубият (1:2) ҳақида гапирди.

Бу мюнхенликлар учун жорий мавсумдаги илк мағлубият бўлди.

"Аугсбург"ни табриклайман. Шундай ўйинлар бўладики, рақиб жуда яхши ҳаракат қилади. Ҳозир биз учун тиғиз давр — 13 кун ичида 5 та ўйин ўтказдик. Тажрибамдан биламанки, бундай пайтда ҳар қандай натижа бўлиши мумкин.

Биз ҳаракат қилдик, аммо иккинчи бўлимда керакли энергияни кўрсата олмадик. Бу эса рақибга хавфли вазиятлар яратиш имконини берди. Биз бу ерда кўп марта ғалаба қозонганмиз, аммо бугун мағлубиятни тан олишимиз керак. Муаммо иштиёқда эмас, шунчаки баъзида ўйинингиз чиқмайди.

Кўпинча Бундеслигани осон деб айтишади, лекин биз бунинг акси эканлигини ўз тажрибамизда биламиз. Ҳозир ҳамма нарсани шубҳа остига қўйиш керак эмас — шунчаки бугун бизнинг кунимиз эмаслигини қабул қилишимиз лозим. Энг муҳими — бунга майдонда берадиган реакциямиз. Нима қилиш кераклигини яхши биламиз", — деди Компани клуб расмий сайтига.

Маълумот учун, "Бавария" 19 та ўйиндан сўнг 50 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. "Аугсбург" эса 19 очко билан 13-ўринда бормоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: fcbayern.com