

Бразилия терма жамоаси ва "Барселона" ҳужумчиси Рафинянинг рафиқаси Наталия Беллоли ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ФИФАнинг 2025 йилги рамзий терма жамоасига унинг турмуш ўртоғи киритилмаганига муносабат билдирди.
"Сизнингча, у баскетбол ўйнаяптими? Улар энди буни ҳатто яширишга ҳам уринишмаяпти!" - дея ёзди Беллоли.
Ўтган мавсумда бразилиялик футболчи "кўк-анорранглилар" сафида барча мусобақаларда 57 та ўйинда 34 та гол урди ва 26 та голли узатма берди. Рафинья Чемпионлар лигасининг энг самарали ҳужумчиси (13 та гол) ва энг яхши ассистенти (саккизта голли узатма) бўлди. У "Барселона" билан Испания чемпионати, мамлакат кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди.



