Суперлига. "Навбаҳор" "Сўғдиёна"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди

Оқил Абдубарноев
23 апр 2026, 19:00
Суперлига 9-туридан жой олган ўйин якунланди.

Суперлига

9-тур

"Навбаҳор" – "Сўғдиёна" 1:1

Тошкент. "Олимпия" стадиони. 19:00

Бош ҳакам: Равшан Абдувоҳидов

Ёрдамчи ҳакамлар: Шоҳруҳ Мақсудов, Адҳамжон Рихсибоев

Захира ҳаками: Маъмуржон Илҳомов

VAR: Рустам Чориев

AVAR: Бахтиёрхўжа Шавкатов

Назоратчи: Виктор Серазитдинов

Комиссар: Қудрат Мадраимов

Голлар: 0:1 – 71, Люпчо Дориев (Фейсал Мулич), 1:1 – 90+3, Исломбек Маматказин (Алекс Фернандес)

“Навбаҳор”: 1.Ўткир Юсупов, 2.Саидазамат Мирсаидов, 4.Исломбек Маматказин, 7.Русланбек Жиянов, 8.Диёр Холматов (6.Шоҳруҳ Абдураҳмонов, 70), 13.Бенжамин Тейди (20.Қувондиқ Рўзиев, 80), 22.Умар Адҳамзода, 23.Ваня Илич (77.Муҳаммадали Усмонов, 70), 28.Катулонди Кати (97.Алекс Фернандес, 80), 34.Гиорги Жгереная, 70.Аббос Ғуломов (10.Шоҳмалик Комилов, 70).

Захира: 16.Шукрон Йўлдошев, 5.Дилшоджон Комилов, 18.Исохон Мусохонов, 44.Анри Чичинадзе.

“Сўғдиёна”: 18.Никола Миркович, 2.Зоир Жўрабоев, 3.Исломжон Қобилов, 7.Александар Больевич (9.Фейсал Мулич, 46), 11.Отабек Жўрақўзиев (77.Ойбек Нурматов, 66), 13.Филип Иванович, 14.Люпчо Дориев, 17.Оллаберган Каримов (4.Отабек Аҳадов, 84), 22.Абдулазизхон Абдурашидов, 32.Нодиржон Сойибов, 70.Жасурбек Жалолиддинов (10.Жавоҳир Қаҳрамонов, 46)

Захира: 74.БайрамНажафалиев, 8.Суҳроб Иззатов, 21.Тохирбек Тўхтасинов, 29.Амирбек Саидов, 42.Сардорбек Эркинов.

Огоҳлантиришлар: Жасур Жалолиддинов (22), Жавоҳир Қаҳрамонов (85), Люпчо Дориев (87)

ЎЙИН ЯКУНЛАНДИ!

90+7' – "Навбаҳор" вакиллари сўнгги сонияларда ғалабани илиб кетиш учун бор имкониятларини ишга солишмоқда. Исломбек Маматказин яна бир бор зарба йўллади, бироқ унинг уриниши ноаниқ чиқди. Тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.

90+3'ГОЛ! "Навбаҳор" мувозанатни тиклади!

Алекс Фернандеснинг йўллаган зарбаси рекошет ҳолатида Исломбек Маматказинга тегиб, йўналишини ўзгартирди ва дарвозабонни чалғитган ҳолда "Сўғдиёна" дарвозасидан ўрин олди. Сўнгги дақиқаларда наманганликлар ирода кўрсатиб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди!

Стадионда ҳақиқий байрам – 1:1.

90+2' – “Сўғдиёна” таркибида навбатдаги ўзгариш: Дориев майдонни тарк этди, унинг ўрнига Сардорбек Эркинов баҳсга қўшилди. Меҳмонлар ушбу тактик алмаштириш орқали ҳам вақтдан ютишмоқда, ҳам янги кучлар билан мудофаани мустаҳкамлашмоқда.

90' – Иккинчи бўлимнинг асосий вақти ниҳоясига етди. Бош ҳакам томонидан таймга 7 дақиқа вақт қўшиб берилди.

Наманганликлар мувозанатни тиклаш учун сўнгги дақиқаларни ҳужумда ўтказишга ҳаракат қилишади. Учрашувнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари бошланмоқда.

87'Сариқ карточка! "Сўғдиёна" футболчиси Люпчо Дориев ҳакам қарорига нисбатан ўта кескин эътироз билдиргани учун огоҳлантирилди. Майдонда эҳтирослар тобора авж олмоқда.

87'"Сўғдиёна"да яна бир қулай имконият. Фейсал Мулич дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб зарба йўллади, бироқ унинг уриниши ноаниқ чиқди. Вазият якунлангач, ҳакам меҳмонлар ҳужумчиси ўйиндан ташқари ҳолатда қолганини қайд этди.

85'Сариқ карточка! "Сўғдиёна" ярим ҳимоячиси Жавоҳир Қаҳрамонов ҳакам қарорига кескин эътироз билдиргани учун огоҳлантириш олди. Бу учрашувдаги иккинчи сариқ карточка бўлди.

84'"Сўғдиёна" таркибида навбатдаги ўзгариш: Оллаберган Каримов майдонни тарк этди, унинг ўрнига Отабек Аҳадов тушди.

80'"Навбаҳор" таркибида навбатдаги ўзгаришлар. Мезбонлар ҳужумкорликни ошириш мақсадида янги кучларни ўйинга қўшишмоқда:

  • Катулонди Кати ўрнига Алекс Фернандес;

  • Бенжамин Тейди ўрнига Қувондиқ Рўзиев майдонга тушди.

73'Хавфли вазият! "Сўғдиёна" ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди. Фейсал Мулич Ўткир Юсупов билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, бироқ мезбонлар посбони ўз вақтида олдинга чиқиб, тўпни аутга тепиб юборди ва хавфни бартараф этди.

71'ГОЛ! "Сўғдиёна" ҳисобни очмоқда!

Люпчо Дориев! Ўнг қанотдан етказиб берилган пасдан сўнг, Дориев тўпни тўхтатмасдан дарвозанинг узоқ пастки бурчагига аниқ жойлаб қўйди. Ўткир Юсупов жамоасини қутқара олмади. Меҳмонлар олдинда!

"Навбаҳор" – "Сўғдиёна" – 0:1.

70'"Навбаҳор" таркибида бир йўла учта ўзгариш! Мезбонлар бош мураббийи янги кучларни майдонга туширмоқда:

  • Ваня Илич ўрнига Муҳаммадали Усмонов;

  • Диёр Холматов ўрнига Шоҳруҳ Абдураҳмонов;

  • Аббос Ғуломов ўрнига Шоҳмалик Комилов майдонга тушди.

Наманганликлар ҳужум чизиғини бутунлай янгилаб, ўйин тизгинини қайтаришга ҳаракат қилишади.

66'"Сўғдиёна" таркибида навбатдаги ўзгариш: Отабек Жўрақўзиев захирага олинди, унинг ўрнига майдонга Ойбек Нурматов тушди.

63'"Навбаҳор"дан навбатдаги ҳужум. Бенжамин Тейди жарима майдони чизиғи устидан кучли зарба йўллади. Тўп йўлида тўсиқ бўлган ҳимоячига тегиб, майдонни тарк этди. Бурчак тўпи.

60' – Филип Ивановичдан яна бир зарба! "Сўғдиёна" ҳимоячиси бу сафар ҳам дарвозани нишонга олди, бироқ унинг йўллаган зарбаси ноаниқ кетди. Тўп майдонни тарк этди.

59' – Кутилмаган вазият! Ўткир Юсупов олдинга чиқиб тўпга ўйнамоқчи бўлганда тойиб кетди ва дарвоза олдида хавфли ҳолат юзага келиши мумкин эди. Бироқ посбон тезда ўзини ўнглаб олди ва тўпни аутга тепиб юборди.

57'Гол бекор қилинди! VAR текширувидан сўнг Филип Ивановичнинг голи ўйиндан ташқари ҳолат сабабли инобатга олинмади. Ҳисоб ўзгаришсиз қолди – 0:0.

52'ГОЛ! Филип Иванович собиқ жамоаси дарвозасини ишғол қилди! Чап қанотдан узатилган тўп "Сўғдиёна" футболчисига тегиб, жарима майдони ичидаги Ивановичга келиб тушди. У эса тўпни тўхтатмасдан дарвозага жойлаб қўйди.

VAR! Ҳозирда видеотакрорлар орқали гол урилган вазиятда офсайд бор-йўқлиги текширилмоқда. Ҳали якуний қарор қабул қилинмади. Кутамиз.

49' – Адҳамзоданинг узатмасини Сойибов қайтарди – бурчак тўпи. Бурчакдан етказиб берилган тўпни эса "Сўғдиёна" ҳимоячилари жарима майдонидан узоқлаштиришди.

46'Иккинчи бўлим бошланди! Жамоалар майдонга қайтишди.

"Сўғдиёна" таркибида иккита ўзгариш: Александар Больевич ва Жасурбек Жалолиддинов захирага олинди. Уларнинг ўрнига Фейсал Мулич ҳамда Жавоҳир Қаҳрамонов майдонга тушишди.

Биринчи бўлим якунланди. Равшан Абдувоҳидов ҳуштагини чалиб, жамоаларни танаффусга таклиф этди.

Ҳозирча ҳисоб очилмади – 0:0.

Биринчи 45 дақиқалик "Навбаҳор"нинг фаоллиги ва Диёр Холматовнинг дарвоза устунини пойлаган зарбаси билан ёдда қолди. "Сўғдиёна" эса асосан қарши ҳужумларда имкон қидирди. Бироздан сўнг иккинчи бўлимни биргаликда кузатамиз.

45+1' – Диёр Холматов рақиб жарима майдони яқинидан кучли зарба йўллади. Тўп Филип Ивановичга тегиб, майдонни тарк этди. Бурчак тўпи.

45' – Биринчи бўлимнинг асосий вақти ниҳоясига етди. Бош ҳакам томонидан бўлимга 1 дақиқа вақт қўшилди.

42'"Сўғдиёна" ҳужуми. Александар Больевичнинг дарвоза томон йўллаган зарбаси ноаниқ кетди. Бундан ташқари, вазият якунлангач, ҳакам меҳмонлар ҳужумчиси офсайдда қолганини қайд этди.

40' – Диёр Холматов рақиб жарима майдони ичида Абдулазизхон Абдурашидов билан курашга киришди. Тўқнашув натижасида ҳар икки футболчи ҳам майдонга йиқилди. Бош ҳакам ушбу вазиятда қоида бузилмаган деб ҳисоблади ва дарвозадан тўп киритиш ишорасини кўрсатди.

35'Хавфли вазият! Диёр Холматовнинг дарвоза томон йўллаган кучли зарбаси устунга тегиб қайтди! Қайтган тўпга Умар Адҳамзода зарба берди, бироқ "Сўғдиёна" посбони Никола Миркович маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтаришга эришди. Наманганликлар ҳисобни очишга жуда яқин келишди!

33'"Навбаҳор" жарима тўпини бир неча паслар орқали ўйинга киритди. Ҳужум якунида Катулонди Кати зарба йўллади, бироқ Никола Миркович тўпни қийинчиликсиз эгаллаб олди.

32'Жарима тўпи. "Сўғдиёна" ҳимоячиси Филип Иванович рақибини ушлаб қолгани учун ҳакам қоида бузилганини қайд этди. "Навбаҳор"да стандарт вазият юзага келди.

30'"Навбаҳор"да навбатдаги имконият. Бенжамин Тейдининг дарвоза томон йўллаган зарбаси йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўлди ва хавфни бартараф этди.

27' – Ҳаводаги тўп учун кураш. Катулонди Кати "Сўғдиёна"нинг икки нафар футболчиси билан тўқнашиб кетди. Ҳакам ушбу вазиятда "Навбаҳор" ҳужумчиси рақибларига нисбатан фол ишлатди, деб ҳисоблади.

22'Сариқ карточка! Учрашувдаги илк огоҳлантириш. Жасурбек Жалолиддинов Умар Адҳамзодани қўполлик билан тўхтатгани учун Равшан Абдувоҳидов томонидан сариқ карточка билан жазоланди.

22'Хавфли вазият! Бурчакдан узатилган тўпни Катулонди Кати боши билан шеригига узатди, бироқ дарвоза олдида турган Бенжамин Тейди тўпга ета олмай қолди. Наманганликлар ҳисобни очишга жуда яқин келишди.

21'"Навбаҳор" чап қанотдан узатма амалга оширди. "Сўғдиёна" ҳимоячиси Исломжон Қобилов тўпни боши билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Бурчак тўпи.

17' – Ўнг қанотдан узатилган тўпни Отабек Жўрақўзиев боши билан дарвозага йўллади. Зарбага аниқлик етишмади.

16' – Люпчо Дориев ҳамда Бенжамин Тейди ўртасида тўп учун кескин кураш кечди. Вазият якунида Дориев жамоаси фойдасига бурчак тўпи ишлаб олди.

14'"Сўғдиёна" футболчиси Люпчо Дориевнинг қанотдан узатган хавфли тўпини "Навбаҳор" дарвозабони Ўткир Юсупов муштлари билан уриб юборди. Хавф бартараф этилди.

10' – Майдонда тўхталиш. "Навбаҳор" ҳимоячиси Умар Адҳамзода жароҳат олиб майдонда ётибди. Шифокорлар футболчига тиббий ёрдам кўрсатишмоқда.

4'"Сўғдиёна" иккита бурчак тўпини амалга оширди. Меҳмонларнинг кетма-кет босимига қарамай, "Навбаҳор" ҳимоячилари ҳаводаги курашда ишончли ҳаракат қилиб, хавфни бартараф этишди.

1' – Ўйин бошланди! Равшан Абдувоҳидов ҳуштаги чалинди, майдон марказидан тўп ўйинга киритилди. Жамоалар илк дақиқалардан эҳтиёткорликни сақламоқда.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia