"Монако" Погбани таркибдан чиқарди

Sherzod Nurmatov
5 фев 2026
Ярим ҳимоячи Поль Погба "Монако"га Чемпионлар Лигаси ўйинларида ёрдам бера олмайди. Франциялик футболчи жамоанинг еврокубок баҳслари учун қайдномасига киритилмади.

Бу ҳақда "RMC Sport" хабар бермоқда.

Клубда вазият футболчининг жисмоний ҳолати билан боғлиқ экани тасдиқланди. "Монако" спорт директори Тьяго Скуронинг айтишича, ҳозир асосий вазифа — тиббий штаб билан бирга ечим топиш.

"Бутун тиббий бўлим эътибори ечим қидиришга қаратилган. Ҳали вазият тафсилотларини аниқлаш жараёнини ишлаб чиқиш керак. Ҳар қандай жароҳатда бўлгани каби биринчи қадам — майдонга қайтиш, кейин эса керакли жисмоний ҳолатни тиклаш учун машғулотларни давом эттириш. У қачон яна тўлиқ машқ қила олади? Бу саволга ҳозир аниқ жавоб йўқ", – деди Скуро.

Эслатиб ўтамиз, Погба 2025 йилнинг ёзида дисквалификацияси якунлангач, эркин агент сифатида "Монако"га қўшилганди. 31 ёшли хавбек жорий мавсум Лига 1 доирасида бор-йўғи 3 ўйин ўтказди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: RMC Sport