

Ўйиндан сўнг мезбонлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов фикрларини билдирди.
"Бугунги ўйин ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, 3 очкони қўлдан бой бердик. 2-тур, ўз майдонимиздаги очилиш баҳсида ғалаба қозонишимиз шарт эди. Бир қанча хавфли вазиятлардан фойдалана олмадик, ярим ҳимоячиларимиз керакли нуқтадан урадиган паллада пас ўйнашди. Рақиб жамоани бир очко билан табриклайман. Ҳаёт тўхтаб қолмайди. Чемпионат энди бошланди. Буёғига янада астойдил ишлаймиз. Мақсадимиз битта — Суперлигага чиқиш. Раҳбарият олдимизга фақат шу вазифани қўйган. ", - дейди Илҳом Мўминжонов.
— Иккинчи бўлимда ҳужумда палапартишлик юзага келганига нима сабаб бўлди?
— Сабаби шошилдик. Футболчилар тезроқ гол уришни истади. Умуман олганда тажрибали футболчилар. Ўйинни қўлимизга олдик. Кўп узатмалар билан ишладик, лекин вазиятларимиздан фойдаланишда оқсадик. Ўйинни кўриб чиққан ҳолда кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
— Рақибнинг қайси жиҳатлари сизда ижобий таассурот қолдирди?
— Уларни билар эдик, тезкор, эпчил. Барчаси 19-18-17 ёшдаги футболчилар. Ўзларининг тезлиги билан яхши ўйин кўрсатишди. Мураббийси ҳам яхши таассурот қолдирди. Бекорга терма жамоаларда ишламаган. Ҳимояни ёриб ўтдик аммо гол ура олмадик.
— Кейинги ўйин ҳақида...
— "ТерДУ" жамоасига келсак, уйда ўйнаймиз. Бу рақибга қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бошқа йўлимиз йўқ.



