Илдар Сакаев — “Машъал” ПФК бош мураббийи

25 апр 2026, 21:08
“Машъал”га янги бош мураббий тайинланди.

“Муборакнинг “Машъал” профессионал футбол клуби раҳбарияти жамоанинг келажакдаги стратегик режалари ва олдига қўйилган юқори мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, Илдар Усманович Сакаевни бош мураббий этиб тайинлади. Томонлар ўртасидаги келишув жорий йилнинг якунига қадар амал қилади.

Илдар Сакаев ўзбек футболида катта тажрибага эга бўлган, соҳанинг ички тизимини мукаммал биладиган мутахассислардан бири ҳисобланади. У футболчилик фаолияти давомида “Навбаҳор”, “Косонсойчи”, “Сўғдиёна” каби жамоаларда ярим ҳимоячи ва ҳужумчи сифатида тўп сурган. Мураббийлик фаолиятида эса “Оқ-тепа”, “Андижон” ва “Янгиер” каби клубларни бошқариб, мухлислар ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. Айниқса, унинг “Андижон” клубидаги фаолияти давомида жамоани Пролигадан Суперлигага олиб чиққани мураббийнинг юқори салоҳиятидан далолат беради. 

Сўнгги йилларда Илдар Сакаев “Машъал” клуби тизимида спорт директори ва академия директори лавозимларида муваффақиятли меҳнат қилиб келди. У клубнинг ички муҳитини, академиядаги ёш иқтидорларнинг имкониятларини ва жамоанинг умумий стратегиясини жуда яхши билади. Айнан мана шу омиллар ва мураббийнинг бой тажрибаси унинг ушбу масъулиятли лавозимга тайинланишига асос бўлди. Янги бош мураббий олдига жамоанинг турнир жадвалидаги мавқеини мустаҳкамлаш, академия тарбияланувчиларини асосий таркибга интеграция қилиш ва мухлисларга ёқадиган мазмунли ўйин намойиш этиш вазифалари қўйилган. 

“Машъал” ПФК жамоаси Илдар Усмановичга келгуси фаолиятида ва қўйилган мақсадларга эришишда улкан зафарлар тилайди”, — дейилади клуб хабарида.


Манба: fkmashal.uz