Бобурбек Йўлдошев: "Голларни тасодиф десак ҳам бўлади. Уратанинг қарорини ҳурмат қиламиз"

Суперлиганинг 5-тури доирасида "Бунёдкор" - "Локомотив" учрашувидан кейин мезбонлар футболчиси, дастлабки гол муаллифи Бобурбек Йўлдошев фикрларини билдирди.

- Бугунги ўйин қанчалик аҳамиятга эга эди?
- Ўйиндан олдин жадвални кўрдик. Иккала жамоада бир хил очко эди. Қайсидир маънода буни олтин очколар десак ҳам бўлади. Шу сабабли ғалаба учун ҳаракат қилдик. Шукурки, барчаси яхши бўлди.

- Бугун "Бунёдкор" икки стандарт эвазига ғалабага эришди. Бунга мураббий томонидан алоҳида кўрсатмалар берилганмиди?
- Фақат бизда эмас, барча жамоаларда бўлса керак стандартлар устида ишлаш. Албатта биз ҳам стандартлар устида ишлаймиз. Буни энди қайсидир маънода тасодиф деса ҳам бўлади. Ушбу вазиятлардан голлар урганимиз яхши бўлди.

- Молиявий муаммолар сабабли Итсуки Урата жамоадан кетгани маълум бўлди. Бу муаммолар жамоанинг бошқа футболчиларига таъсир ўтказмаяптими?
- Албатта, қайсидир маънода таъсир қилади. Чунки барчанинг оиласи бор. Итсуки Уратанинг қарорини ҳурмат қиламиз. Унинг ҳам ўзига яраша режалари бўлган бўлиши мумкин. У ҳақида маълумотлар билмаймиз. Гаплашмадик ва алоқага чиқмадик. Унинг кетиши жамоага таъсир қилмайди. Бу ўткинчи нарсалар. Барчаси изига тушиб кетади.

- "Бунёдкор"нинг ушбу мавсум Кубок ва Суперлигадаги мақсади қандай?
- Мақсад - иложи борича мухлисларни хурсанд қилиш. Ўтган йили кучли бешликка киргандик. Бу йили эса мухлислар бундан кўпроғини кутишяпти. Буёғини вақт кўрсатади. Таркибда яхши ёшлар бор. Иложи борича тепа ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз.

- Бугун Кубок гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Рақиблар ҳақида нималар дея оласиз?
- Икки рақиб биз учун номаълум. "Қизилқум"ни биламиз. Албатта, улар билан ўйнаш қизиқ бўлади. "Бунёдкор"да ҳам кубокда гуруҳдан чиқиш вазифаси бор. Шу сабабли яхши ўринларни олиб, узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз.

- Бугун жамоа ишончли ҳисобда ғалабага эришди. Бироқ голларни ҳимоячилар урди. Бу ҳужумчиларга эътирозлар келтириб чиқармайдими?
- Йўқ, бу жамоа дейилади. Ҳужумчилар ҳам керак бўлса, ҳимоячиларга ёрдам беришди. Бундай пайтда кимнинг гол уриши муҳим эмас. Муҳими жамоанинг ғалабаси.

- Бугунги учрашувда бош мураббий Сизга қандай вазифалар берганди ва уни қанчалик бажара олдингиз? Бугун ўзингиз учун яхши ўйин намойиш этдим, деб ўйлайсизми?
- Йўқ, ундай эмас. Футболчи доимо максимал вазифани олдига қўйиши керак. Бугун биз ўйлаган барчаси амалга ошди. Ҳимоячиларнинг асосий вазифаси - гол ўтказмаслик. Агар гол ўтказмасак, бир очко бор дегани. Ҳужумда гол урдик ва ғалабага эришдик. Бу ёқимли ҳолат. Гол урсак, кейинги ўйинларга ҳам яхши кайфият бағишлайди.


Манба: championat.asia