"Агар атайлаб урганимда, у ўрнидан тура олмасди!" Рюдигер рақибининг жағига берган зарбаси ҳақида

Aslanov Jasurbek
17 мар 2026
Мадриднинг "Реал" клуби ҳимоячиси Антонио Рюдигер Ла Лиганинг 26-турида рақиб юзига тиззаси билан берган кучли зарбаси юзасидан изоҳ берди.

Қонли вазият ва ҳакамлар қўмитасининг эътирози:

Эслатиб ўтамиз, учрашувнинг 26-дақиқасида "Хетафе" ҳимоячиси Диего Рико Арда Гюлер билан курашда йиқилиб тушган ва шу пайтда вазиятга қўшилган Рюдигер чап тиззаси билан унинг елкасига, кейин эса жағига зарба бериб юборган эди. Ҳакам Алехандро Муньис бу вазиятда қоидабузарлик қайд этмади. Бироқ кейинчалик Испания ҳакамлар қўмитаси (CTA) немис футболчиси ушбу қўполлиги учун қизил карточка олиши керак эди, деган хулосага келди.

"Мен уни ўлдирмоқчи эмасдим"

Рюдигер эса бу айбловларга ва вазиятнинг бўрттирилаётганига ўз муносабатини билдирди:

"Мен такрорий лавҳаларни секинлаштирилган ҳолатда кўрдим ва бу ҳақиқатан ҳам даҳшатли кўринарди. Аммо ўйиннинг ўзини кўрсангиз...

Мен баҳслашмоқчи эмасман, лекин уни ўлдирмоқчи ҳам эмасдим. Бу контактни бўрттириб кўрсатиш керак эмас, чунки агар мен буни атайлаб қилганимда, у ўрнидан тура олмасди. У эса югуришда давом этди".

"Менинг ўз чегараларим бор"

"Мен ўйиндан кейин у билан гаплашдим. Битта тўхтатилган кадр бутун воқеани тўлиқ очиб беролмайди. Бу қизил карточка эмасди. Мен унга жароҳат етказишни истамагандим. Қаттиққўл ўйин кўрсатишни яхши кўраман, лекин мен ҳеч қачон ошиб ўтмайдиган чегараларим бор. Шунинг учун ҳам бу баёнотларни бироз ошириб юборилган деб ҳисоблайман", — деди Рюдигер.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Marca