Абрамовичнинг найранглари панд берди: "Челси" рекорд жарима ва трансфер тақиқига учради

Aslanov Jasurbek
16 мар 2026
Лондоннинг "Челси" клуби собиқ хўжайин Роман Абрамович давридаги молиявий қоидабузарликлар сабабли Премьер-лига томонидан қаттиқ жазоланди.

Рекорд жарима ва тақиқ:

Мустақил комиссия қарорига кўра, инглиз клуби 10,75 миллион фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилди. Журналист Низар Кинселланинг маълум қилишича, бу АПЛ тарихидаги энг йирик жарима ҳисобланади.

Шунингдек, "Челси"га 9 ой давомида академияга янги ўйинчилар рўйхатдан ўтказиш тақиқланди. Асосий жамоа учун эса 2 йиллик синов муддати билан 1 йиллик шартли трансфер тақиқи (бан) белгиланди.

Айбловлар нимадан иборат?

2025 йилнинг сентябрь ойида Англия Футбол ассоциацияси (ФА) клубга 2009 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда 74 та қоидабузарлик бўйича айблов эълон қилган эди. Гап Эден Азар, Давид Луиз, Андре Шюррле, Рамирес, Неманья Матич, Нголо Канте, Виллиан ва Самюэль Это'О каби юлдузларнинг трансферларида агентларга оффшор ҳисоб-рақамлар орқали қилинган ноқонуний тўловлар ҳамда молиявий ҳисоботлардаги ёлғонлар ҳақида кетмоқда.

Янги раҳбарият клубни қутқариб қолди:

Таъкидланишича, агар янги раҳбарият эски хўжайин давридаги хатоларни ўзлари тан олиб, Премьер-лигага мурожаат қилмаганида, "Челси" нақ 2 йиллик қатъий трансфер тақиқига учраган бўлар эди.

Академияга қўйилган тақиқ 9 ёшдан ошган ва бошқа инглиз клубларидан келадиган футболчиларга тегишли. Бу хорижлик иқтидорлар ва амалдаги шартномаларни узайтиришга таъсир қилмайди. Ҳозирда ФА томонидан тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: x.com/JacobsBen