

Ўйиндан кейин "Яйпан" бош мураббийи Рашид Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Шўртан" яхши жамоа ва клуб олдига вазифа қўйилганини биламиз. Ғузорда қийин баҳс ўтказдик ва уддаладик деб ўйлайман. Қайси жамоага қарши бўлмасин, ғалаба учун ўйнаймиз. Бугун дуранг қайд этдик, бир очкони қўлга киритдик.
- Натижа ўйинга мос бўлди деб ўйлайсизми?
- Ҳа, шундай деса бўлади. Ҳар икки жамоада вазиятлар бўлди. Бугун майдонда бир калла устун жамоани кўрмадим. Шу боис дуранг қониқарли. Тўп билан муомала қилиш борасида ҳам ютқазмадик.
- Рақибнинг қайси нуқтасини заиф деб ҳисоблайсиз?
- Иккала жамоа ҳам иккитадан гол ўтказди ва ҳар икки жамоанинг ҳимояси заиф кўринди деб ўйлайман.
- "Яйпан"да тўплар нисбати 7-5. Жамоангиз ҳимоясининг қайси жиҳатлари сизни қониқтирмаяпти? Ҳужум чизиғидан кўнглингиз тўқми?
- Тўғриси, статистикани унча кузатмайман, кўпроқ футболчилар ҳаракатига эътибор бераман. Биз жамоа бўлиб ҳимояланишни ва жамоавий ҳужумга ўтишни маъқул кўрамиз. Машғулотларда ҳам шунинг устида ишлаймиз. Қайси чизиғимиз заиф, қай бири кучли дея олмайман. Чунки ўйинлар турлича бўлади ва бугун мақталган чизиқ эртага хато қилиши мумкин. Ҳужумдаги хатолар кўзга ташланмаслиги мумкин, лекин ҳимоядаги хато бирданига кўринади. Чунки орқада фақат дарвоза қолган бўлади.
- "Шўртан" иккинчи голни урган вазиятда қоида бузилди деб ҳисоблайсизми? Чунки эътироз билдирганингиз учун ҳакам сизга қариқ карточка кўрсатди.
- Мен ҳеч кимга ёмон гап айтмадим, фқақат ўз ҳимоячиларимизга нимага ҳушёрликни йўқотдинглар деб бақирдим. Бир вазиятда ўйинчимиз ҳакам билан гаплашиб рақибни кўздан қочирди. Аслида футболчи диққатини ўйинга қаратиши керак. Ҳакам билан гаплашгандан не фойда.
- Шўртан ҳисобни тенглаштирган вазиятда ҳимоячингиз ерда ётиб олди. Бу борада фикрингиз?
- Мен тўғриси ўша ҳолатни кўра олмай қолдим, чунки қанот ҳаками вазиятни тўсиб турганди.
- Мавсум давомида жамоангиз қайси вазифани ҳал этиши керак?
- Тўғриси, шу пайтгача бу саволни ҳеч ким бермади. Мақсадимиз - "Нефтчи" каби кучли жамоаларга футболчи етказиб бериш. Олдимизда Суперлигага чиқиш, кейин бешталикка кириш деган гап йўқ. Лекин футболчиларга доим майдонга чиққандан кейин охиригача ўйнаш керак деймиз. Жамоа ютиб турса ишиям юришиб кетади.



