"У асабимга тегяпти!" Руни МЮнинг соч олдирмаётган машҳур мухлисини танқид қилди

Aslanov Jasurbek
11 фев 2026
"Манчестер Юнайтед" афсонаси Уэйн Руни жамоанинг ғалабали серияси ва бу билан боғлиқ ғалати "челленж" ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Гап шундаки, Фрэнк Илетт исмли мухлис МЮ кетма-кет 5 та ўйинда ғалаба қозонмагунча соч олдирмасликка ваъда берган.

Вазият қандай? Кеча Майкл Кэррик шогирдлари АПЛнинг 26-турида "Вест Хэм" билан дуранг ўйнашди (1:1). Шу тариқа, жамоанинг 4 та ўйиндан иборат ғалабали серияси тўхтади, мухлиснинг "челленж"и эса яна бошидан бошланди.

Руни нима деди? Уэйн Руни "No Tippy, No Tappy" подкастида ушбу мухлис ҳақида гапириб, унинг хатти-ҳаракатларидан чарчаганини яширмади:

"У менинг асабимга тегяпти. Биз Майкл Кэррик ва "Ман Юнайтед"нинг бешинчи ғалабаси ҳақида гапиришимиз керак бўлган пайтда, ҳамма эътибор шу йигитнинг соч олдиришига қаратиляпти.

Қизиғи шундаки, агар "Юнайтед" ғалаба қозонса, у роса хафа бўлади деб ўйлайман. Чунки унда соч қолмайди ва у ҳеч кимга қизиқ бўлмай қолади. Мен уни мамлакатнинг нариги чеккасига жўнатиб юборган бўлардим", — деди Руни.

Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Юнайтед" Кэррик қўл остида ўз ўйинини топиб олди, бироқ 5 талик зафарли серия манкунианликларга ҳозирча армон бўлиб қолмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: ESPN