

Championat.asia сайти талқинига кўра, 9-турнинг энг яхши дарвозабони — Никола Миркович ("Сўғдиёна")
“Сўғдиёна” якунига етган турда “Навбаҳор” билан баҳс юритиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу куни жиззахликлар дарвозабони Никола Мирковичнинг ҳиссаси катта бўлди. У баҳсда нақд 3 та сейвни амалга оширди, шундан 2 таси жарима майдони ичидан йўлланган зарбадан кейин содир бўлди. Шундай қилиб, Championat.asia сайти айнан Никола Мирковични тур дарвозабони номига лойиқ кўрди.

Championat.asia сайти талқинида 9-турнинг энг яхши мураббийи — Ислом Аҳмедов (“Андижон”)
“Андижон” бу турда Тошкентда “Бунёдкор” билан тўқнаш келиб, сафардан 3:1 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди. “Бургутлар” бу мавсум илк бор сафардаги баҳсда 3 очкони қўлга киритишди. Бу ғалабани яқиндагина жамоани қабул қилиб олган ёш мураббий бошчилигида қўлга киритилди. Шу тариқа, Ислом Аҳмедов Championat.asia сайти томонидан тур мураббийи деб топилди.

Championat.asia сайти талқинига кўра, 9-турнинг энг яхши футболчиси — Акмал Музаффаров (“Қизилқум”)
“Қизилқум” бу турда ўз уйида “Қўқон-1912”дан устун келди. Учрашув Акмал Музаффаровнинг бенифисига айланиб кетди. 21 ёшли ҳужумчи фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларидан бирини ўтказиб, дублни расмийлаштирди. Эътиборлиси бу голлар Музаффаров учун Ўзбекистон чемпионатидаги дастлабкилари бўлди. Championat.asia ижодкорлари Акмал Музаффаров тур футболчиси дея эътироф этди.

Championat.asia сайти талқинида 9-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Имеда Ашортиа (“Андижон”)
Йил бошида "Бунёдкор"дан "Андижон"га ўтган Имеда Ашортиа 9-турда "Бунёдкор" дарвозасига супергол урди. Учрашувнинг 6-дақиқасида узоқ масофадан чиройли гол урган Ашортиа собиқ клуби ҳурмати уни нишонлагани йўқ. Championat.asia сайти Ашортиани 9-турнинг энг чиройли голи муаллифи деб топди.




