Стипе Перица: "Баъзида аниқ рақамларни мақсад қилиб қўйиш ортиқча босим келтириб чиқаради — ҳам ўзинг учун, ҳам жамоа учун"

Sherzod Nurmatov
25 мар 2026
“Нефтчи”нинг хорватиялик ҳужумчиси Стипе Перица клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Жамоага бундай тез киришиб кетишингиз нима билан боғлиқ? Суперлигада 4 ўйинда 4 та гол уришингизни кутганмидингиз?

- Аввало, мавсумни жамоа сифатида жуда яхши бошладик. Барча футболчилар юқори даражада ўйнаяпти — Суперкубокни қўлга киритдик ва кетма-кет тўртта ғалабага эришдик, бу эса ишончимиз учун жуда муҳим. Умид қиламанки, шу руҳда давом этамиз ва яна ғалаба қозонамиз. Жамоада аҳиллик бор, менинг асосий мақсадим — сифатли ўйин кўрсатиш. Ғалабага эришиш учун гол уриш керак, албатта, ҳар бир ҳужумчи гол уришни хоҳлайди.

- Дастлабки турлар ўтиб бўлди. Жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов ва мураббийлар штаби ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бизда жуда яхши мураббий ва мураббийлар штаби бор. Улар бизга тўғри кўрсатмалар беришади ва биз бунга амал қиламиз. Натижалардан ҳам кўриниб турибди — дастлабки ўйинларданоқ яхши футбол кўрсатдик, голлар урдик ва ўйинларда устунлик қилдик. Жамоада жуда яхши коллектив йиғилган. Исмоилов ёш мураббий, лекин унинг ғоялари ва жамоани қандай ўйнатмоқчи эканлиги яққол кўриниб турибди. У ҳар куни қаттиқ меҳнат қилади ва жамоада кучли лидерлик намоён этади. Унда қатъият бор, шу билан бирга, биз биргаликда ривожланиш жараёнидамиз. Ўйлайманки, мавсум давомида янада кучаямиз — Исмоилов ҳам жамоа билан бирга ўсади, биз эса у билан бирга ривожланамиз.

- Фаолиятингиз давомида топ-5 чемпионларларидан бирида фаолият олиб боргансиз. Шулар ҳақида гапириб беринг…

- Европадаги фаолиятимдан жуда кўп яхши хотиралар қолган. Бу фаолиятимдаги муҳим босқич бўлган ва футболчи сифатида ўсишимга катта ёрдам берган. Италияда — Милан, Рим, Неаполь каби шаҳарларда бўлиш ва ўйнаш мен учун катта тажриба бўлган. Шунингдек, Польшада ўтказган айрим учрашувларим ҳам унутилмас бўлиб қолган. Албатта, Европа мусобақаларида иштирок этиш эса алоҳида ҳиссиёт, бундай лаҳзалар доим ёдда қолади.

- Ўзбекистонга келишингизга нима туртки бўлди ва "Нефтчи" ҳақида нималарни билар эдингиз?

- Бу ерга келишга асосий туртки — чемпионлик учун кураш ва Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнаш имконияти. Бу менинг асосий мақсадим эди. Шунингдек, жамоада ўйнаётган айрим футболчилар билан гаплашдим ва клуб ҳақида жуда кўп ижобий фикрлар эшитдим. Шу нарса “Нефтчи”га келиш қароримга катта таъсир кўрсатди.

- Жамоадаги бошқа легионерлар билан алоқангиз қандай?

- Жамоада ҳамма билан жуда яхши муносабатдаман. Барча футболчилар мени қўллаб-қувватламоқда, айниқса, легионерлар. Биз ўхшаш тилларда гаплашганимиз учун бир-биримизни яхши тушунамиз ва бу менга анча енгиллик яратади. Жамоада бир неча болқонлик футболчилар бор ва улар менга нафақат майдонда, балки майдон ташқарисида ҳам жуда катта ёрдам беришди. Масалан, Фарғонани айланиб кўришдан тортиб, мослашиш жараёнигача — ҳамма нарсада ёрдам қўлини чўзишди.

- Фарғоналик муҳлисларни Европа футболи муҳлисларига ўхшатиш мумкинми?

- Ҳа, албатта. Ўйинларда  атмосфера жуда зўр, айниқса, охирги ўйинда. Суперкубок баҳси аъло даражада ўтди, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган охирги учрашувимизда стадиондаги муҳит янада бошқача эди. Мухлисларимиз қаршисида ўйнаш — жуда ёқимли. Улар бизга майдонда қўшимча мотивация беради.

- Ўз одингизга шахсий вазифа қўйдингизми? Мисол учун, Суперлигада тўпурар бўлишни?

- Мен аниқ рақамлар ёки шахсий мақсадларга эътибор қаратишни ёқтирмайман. Мен учун энг муҳими — жамоага ёрдам бериш. Агар жамоа яхши ўйнаса, голлар ўзи келади. Мен кўпроқ жамоавий натижага эътибор қаратаман, индивидуал статистикага эмас. Баъзида аниқ рақамларни мақсад қилиб қўйиш ортиқча босим келтириб чиқаради — ҳам ўзинг учун, ҳам жамоа учун.

- Муҳлисларимизга апрель ойидаги “боксинг дэй” олдидан нима деган бўлар эдингиз?

- Ҳозир биз тайёргарликка тўлиқ эътибор қаратганмиз ва ҳар бир ўйинга босқичма-босқич ёндашяпмиз. Энг муҳими — диққатни йўқотмасдан, ҳар бир учрашувда бор кучимизни бериш. Олдинда муҳим ўйинлар борлигини биламиз ва ижобий натижалар учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Мухлисларимиз қўллаб-қувватласа, бу даврни муваффақиятли ўтказамиз. Ишонаманки, муҳлислар муҳим баҳсларда олдимизда бўлади.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: "Нефтчи" матбуот хизмати