"Республика ФА" бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев: "Сиз футболни мураббий кўзи билан кўряпсиз"

Aslanov Jasurbek
15 апр 2026, 21:17
Пролига 3-туридан ўрин олган "Республика ФА" – "БухДУ" (1:0) учрашувидан кейин "Республика ФА" бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бу биз учун Пролигадаги дастлабки тарихий ғалаба бўлди. Шунинг учун бу албатта эсда қоларли ўйин бўлади. Аввалги икки турда рақибларга кўпроқ кураш ва ҳимоявий футбол таклиф қилган бўлсак, бугун супер дея олмайман-у, лекин жамоамиз ёш бўлишига қарамай ўз даражамизни намоён эта олдик. Насиб қилса яна ривожланишда давом этамиз. Камчиликлар етарли, ишлайдиган жиҳатларимиз кўп. Олдинда тур учрашувлари ва Ўзбекистон Кубоги ўйинлари бор. Барчамизни қизиқарли ва узоқ мавсум кутмоқда.

- Ўтган тур жамоангизнинг "Металлург"га қарши баҳсини кузатгандим. Футболчингиз узоқ масофадан чиройли гол урди. Бугун ҳам узоқдан яхши зарбалар берилди ва бу борада машғулотларда ишланаётгани сезилиб турибди. Узоқдан ноодатий зарбалар йўлланиши жамоангиз "фишкаси"га айланиб боряптими?

- Бу борада тўғри таъкидлаб ўтдингиз ва ҳақиқатан эътибор берибсиз. Узоқдан яхши зарба бера оладиган футболчиларимиз етарли. Ҳозир кўп жамоалар зич ҳимояга урғу беряпти ва яхши ҳимояланяпти. Айниқса бугунги рақибимиз майдоннинг ўз қисмида зич ҳимояда ўйнашини билгандик. Шу сабабли ўйиндан олдин йигитларга вазият бўлдими дарвозага зарба бериш керак деб уқтирдик.

- Ҳимоя чизиғи "БухДУ"га қарши анча юқорида ҳаракат қилди. Бутун мавсум давомида ҳимоячилардан шундай ўйин кўрамизми ёки бу усул рақибларга кўра ўзгарадими?

- Тўғриси, жуда профессионал савол беряпсиз ва бу мени хурсанд қилмоқда. (Савол берувчи сайтимиз етакчи мутахассиси Толибжон Қосимов - таҳририят). Бу ҳам бизда футбол журналистикаси қай даражада ривож топаётганини кўрсатади. Сиз футболни мураббий кўзи билан кўряпсиз.

Ҳозирги футболда биламизки, чизиқлар орасида бўшлиқ юзага келса яхши жамолар албатта жазолайди. Чизиқлар зичлигига катта эътибор қаратганмиз. Бугун рақибни юқорида кутиб олганимиз сабабли ҳимоя чизиғимиз ҳам юқорида ўйнашга тўғри келди. Бунинг ҳам қалтис томонлари бор, масалан юқорига чиққанда орқа бўш қолиб кетиши ва жазоланишингиз мумкин. Лекин булар устида ҳам ишлаяпмиз. Биз ёшларни катта футболга ва катта ўйинларга тайёрлаб боришимиз керак. Қаердадир хатолар бўлади, балки гол ҳам ўтказармиз, аммо мақсадимиз шундай ўйинларга тайёрлаш.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia