Паулу Фонсека "Лион" раҳбариятидан Эндрикни олиб қолишни сўради

Aslanov Jasurbek
26 янв 2026
"Лион" бош мураббийи Паулу Фонсека бразилиялик иқтидор эгаси Эндрикнинг ўйинидан ҳайратда ва уни жамоада узоқроқ сақлаб қолмоқчи.

"ESPN" нашрининг хабарига кўра, португалиялик мутахассис клуб раҳбариятига Эндрикнинг ижара шартномасини 2026/27 йилги мавсум якунига қадар узайтириш бўйича "Реал" билан музокара бошлаш илтимоси билан чиққан. Қайд этилишича, бу трансферни амалга ошириш "Лион"дан "ҳайратланарли даражадаги саъй-ҳаракатларни" талаб қилади. Ҳозирда футболчини тўлиқ сотиб олиш варианти умуман кўриб чиқилаётгани йўқ.

Айни дамдаги ижара келишуви жорий мавсум якунида тугайди ва унда футболчини сотиб олиш ҳуқуқи кўзда тутилмаган. Ҳозирда Эндрикнинг маошини "Лион" ва "Реал" ўзаро бўлишиб тўлашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган якшанба куни Эндрик "Метц"га қарши ўйинда (5:2) хет-трик қайд этган эди. 19 ёшли ҳужумчи "Лион" сафидаги дастлабки 3 та ўйинида 4 та гол ва битта голли узатмани амалга оширишга улгурди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: ESPN