

Марказ маълумотига кўра, ташкилот футболнинг яхлитлиги ва ҳалоллигини таъминлаш йўлида тегишли ташкилотлар билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб боради. Шу билан бирга, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилган ҳолда, ҳар бир тур якунига кўра баҳсли вазиятлар бўйича мунтазам равишда хулосалар бериб боришини таъкидлайди. Хусусан, юқорида қайд этилган учрашувдаги баҳсли вазият юзасидан Эксперт ҳакамлар гуруҳи томонидан аввалроқ тегишли хулоса эълон қилинган эди.
ЎзФҲМ расмий хабарида амалдаги ФИФА ҳамда IFAB (Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши) талаблари ва регламентларига мувофиқ, ВАР жараёнига оид ички аудиоёзувларни (ҳакамлар ўртасидаги мулоқотларни) учинчи томонларга тақдим этиш тақиқланиши эслатиб ўтилган. Ушбу материаллардан фақатгина ҳакамлик фаолиятига оид ички хизмат ҳужжатлари сифатида фойдаланилиши маълум қилинган.
Шундай бўлса-да, марказ очиқлик тамойилларидан келиб чиқиб, мазкур вазиятни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда "Насаф" футбол клуби вакиллари иштирокида бевосита ЎзФҲМ биносида кўриб чиқиш имконияти мавжудлигини билдирди. Ушбу жараёнда эпизодни барча техник материаллар асосида биргаликда таҳлил қилиш ва мутахассислар томонидан тушунтириб бериш имконияти яратилади.
Қўшимча қилинишича, ЎзФҲМ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этиладиган махсус семинарлар давомида ҳам ўйинлардаги турли вазиятлар мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. "Қўқон-1912" – "Насаф" учрашувидаги мазкур эпизод ҳам ОАВ вакиллари билан биргаликда таҳлил қилинадиган навбатдаги дебрифинг йиғилиши режасига киритилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси баҳсли вазият бўйича ВАР аудиоёзувларини талаб қилгани, бироқ Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) турли баҳоналар билан бу жараённи пайсалга солгани ҳақида хабар берганди.



