

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида январь ойидаги ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этиб, икки учрашувда икки гол уришга эришган Жавоҳир Ҳусанов терма жамоамизга чақируви, жамоа бош мураббийи ва ўйинлар ҳақида "Қўқон-1912" жамоасининг матбуот хизматига қисқа интервью берди.
— Жавоҳир, аввало, Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги дебютингиз билан табриклаймиз. Биринчи навбатда терма жамоага чақирилишингизни қай даражада кутгандингиз?
— Авваламбор ассалому алайкум! Очиғини айтганда, Ўзбекистон терма жамоасига чақирув олишимни кутмагандим. Биринчи марта мамлакатимизнинг бош терма жамоасига чақирув олганимдан жуда хурсандман.
— Терма жамоа либосини кийганингизда қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирдингиз?
— Мамлакатимизнинг бош жамоаси либосини кийиш ҳар бир футболчининг орзуси ва мақсади бўлса керак. Либосни кийганингиздан кейин уни оқлаш учун бор кучингиз билан ҳаракат қиласиз. Ватан либосида сиз катта масъулиятни ҳис қиласиз.
— Фабио Каннаваро ҳақида нима дея оласиз? Ушбу мураббийнинг маҳаллий мураббийлардан ажралиб турадиган қандай фарқли жиҳатлари бор?
— Тўғрисини айтганда, мистер Каннаваро жуда кучли мураббий экан. Ушбу йиғинда асосан рақибни прессинг қилиш бўйича жуда кўп ишлар олиб борилди. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби ва йўналиши бор. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийининг талабчанлигини алоҳида таъкидлаб ўтишим лозим.
— Иккита ўйин ва иккита гол. Терма жамоа сафидаги ўйинингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳар икки баҳсда ҳам майдонга тушиб, иккаласида ҳам гол урганимдан жуда хурсандман. Аввал айтганимдек, терма жамоага чақирув ҳар бир футболчининг орзуси. Агар футболчи бош терма жамоага чақирув олиб, дебютида гол урса, унинг бахти юз баробар ошиб кетади. Ҳеч бир футболчи ўз ўйинидан тўлиқ қониқмайди. Мен ҳам янада кўпроқ ишлаб, Ватаним учун боримни беришга ҳаракат қиламан.



