Испания терма жамоаси етакчисининг ЖЧ-2026да иштирок этиши сўроқ остида

Sherzod Nurmatov
29 янв 2026
"Атлетик" Бильбао ва Испания терма жамоаси вингери Нико Уильямс пубалгия (чов соҳасининг сурункали жароҳати)дан тикланиш жараёнида жиддий асоратларга дуч келди.

"Marca" маълумотларига кўра, Уильямснинг аҳволи нафақат яхшиланмаяпти, балки тобора ёмонлашмоқда. Бу эса унинг мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида иштирок этишини хавф остига қўяпти ва терма жамоа мураббийлар штабида жиддий хавотир уйғотмоқда.

Жаҳон чемпионати арафасида футболчининг тиббий жамоаси ва унга яқинлар жарроҳлик амалиёти ўтказиш эҳтимолини жиддий кўриб чиқмоқда. Бу муаммони тўлиқ ҳал қилиш ва вингерни доимий оғриқдан халос этишнинг ягона йўли бўлиши мумкин, чунки айнан шу оғриқ унга одатдаги савияда ўйнашга халал бермоқда.

Энди Нико олдида оғир танлов турибди: қайталаниш хавфи билан консерватив даволанишни давом эттириш ёки Жаҳон чемпионати бошлангунча тикланиш умидида жарроҳлик амалиётига рози бўлиш.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: Marca