"Яна бошладингизми, мураббий?" — Капелло жонли эфирда Роналдо билан ҳазиллашди

Aslanov Jasurbek
25 фев 2026, 19:21
Мадриднинг "Реал" клуби собиқ бош мураббийи Фабио Капелло ва жамоанинг собиқ ҳужумчиси, афсонавий бразилиялик Роналдо ўртасида қизиқарли диалог бўлиб ўтди.

Эски хотиралар ва ортиқча вазн:

Эслатиб ўтамиз, италиялик мутахассис аввалроқ "Мадрид"да бирга ишлаган даврларида Роналдонинг ортиқча вазн билан боғлиқ муаммолари ҳақида очиқ гапирган эди:

"У озишни ёқтирмасди. У шунчаки ҳаётдан завқланиб яшашни севарди. Шунинг учун ҳам мен уни "Реал"дан ҳайдаб юборганман."

Жонли эфирдаги ҳазил:

Бу сафар Капелло ва Роналдо Чемпионлар Лигаси доирасидаги "Интер" — "Будё-Глимт" (1:2) учрашувида "Sky Sport" телеканали эксперти сифатида бирга ишлашди. Жонли эфир вақтида улар ўртасидаги эски мавзу яна кўтарилди.

Капелло кутилмаганда собиқ шогирдига юзланиб сўради: "Ҳозир вазнинг қанча?"

Роналдо эса бунга жавобан табассум қилди ва: "Қўйсангиз-чи, мураббий, яна бошладингизми?" — деб жавоб қайтарди.

Ушбу қисқа ва самимий диалогдан сўнг студиядаги барча экспертлар кулгини яшира олишмади. Мураббий ва шогирд ўртасидаги бундай илиқ муносабат мухлисларнинг эътиборини тортмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Corriere dello Sport