

— Ўйин борасидаги фикрларингиз? Рақибни кучсиз деб ҳисоблайсизми?
— Йўқ, рақибни кучсиз деб айтмаган бўлардим. Улар ҳимоявий тактикани танлашган эди. Биз ўз вақтида гол урганимиз ва рақибнинг бир киши кам бўлиб қолгани ўйинимизни анча енгиллаштирди.
— Лигадаги ҳолат ва ўзгаришлар борасида нима дея оласиз?
— Ҳозирда Про лигада 14 та жамоа иштирок этмоқда. Умуман олганда, туб ўзгаришлар йўқ, бироқ Суперлига йўлланмаси учун курашаётган бир нечта жиддий даъвогарлар бор.
— Навбатдаги рақиб — "Пахтакор фарм". Ёшлардан иборат жамоага қарши баҳсдан нималар кутяпсиз?
— Ушбу ўйинга қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Улар ёш ва иқтидорли жамоа, баҳс осон бўлмаслиги аниқ. Бироқ бизнинг ўз олдимизга қўйган аниқ мақсадларимиз бор ва уларга эришиш учун майдонга тушамиз.
— Жамоадаги ички рақобатга қандай қарайсиз?
— Таркибимизда 25 нафар юқори савияли футболчи бор ва ҳар бир позицияда камида икки нафардан тенг кучли ўйинчи мавжуд. Кечаги учрашувда ҳам захирадан майдонга тушган 5 нафар футболчи ўйин темпини ошириб, жамоага сезиларли ёрдам берганини кўрдик.



