Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"

Administrator
12 ноя 2024
ЖЧ-2026 саралишидан ўрин олган Қатар – Ўзбекистон учрашуви ҳақида миллий жамоа футболчиси Рустам Ашурматов ўз фикрларини билдириб ўтди.

– Рустам, терма жамоага энг охиргилардан бўлиб етиб келдингиз. Парвозлардан чарчаб қолмадингизми?

– Йўқ, чарчоқлар чиқди. Дам олишга улгурдик. 

– Муҳим ўйин арафасидамиз. Ўтган ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юбордингиз. Томошабин сифатида ўйинни кузатиш қанчалик қийин бўлди?

– Жуда қийин. Сабаби, жамоага ёрдам бера олмайсиз. Бу икки карра қийин. 

– БАА саралаш бошида Қатарни сенсацион тарзда мағлубиятга учратганди. Иккала жамоа ҳам бир-бирига яқин...

- Сенсация демаган бўлардим. Чунки иккала жамоа ҳам бир-бирига яқин жамоа. Ўша ўйинда исталган жамоа ғалаба қозониши мумкин эди. 

- Қатар жамоасини қайси жиҳатларидан хавфсираш керак? Ўз навбатида бизнинг улардан қандай устун жиҳатимиз бор?

- Жамоавий ўйин бизда кучлироқ. Футболчиларимизда ўйин амалиёти ҳам кўпроқ. Шуни устунлик жиҳатимиз десак бўлади. 

- Остон Ўрунов Қатарга қарши ўйинда жароҳат сабаб майдонга туша олмайди. Жалолиддин Машариповнинг ҳам соғлиғида муаммолар бўлиши мумкинлигини кўряпмиз. Олдинги чизиғимиз сал бўлса ҳам хавотирга соляптими?

- Йўқ, ўйлайманки Машарипов майдонга тушади. Йигитлар Остонни ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилишади. Уни ўрнини босадиган ўйинчиларимиз бор. 

- Ўзингизни ҳолатингиз ҳақида гапирсангиз. Охирги ўйинларда мунтазам майдонга тушяпсиз...

- Мени ҳолатим яхши. Кўз тегмасин, кайфиятим ҳам яхши. Ўйиндан кейини ҳам шу кайфиятда қоламиз деб умид қиламан.


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia