Расман: "Навбаҳор" логотипи ўзгарди

Narzulla Saydullayev
28 фев 2022
Янги мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган ва жамоанинг шонли тарихини қайтариш ниятида бўлган “Навбаҳор” Суперлига – 2022га улкан ўзгаришлар билан қадам қўймоқда.

Хабарингиз бор, жамоа футболчилари бўлажак мавсумда учрашувларни кўк (асосий) ва оқ (иккинчи) рангли футболкаларда ўтказишади.

Клуб логотипи ҳам шундан келиб чиқиб ўзгартирилиб, унда кўк ҳамда оқ ранглар ўзаро мужассамлаштирилди.

Мазкур рамздаги кўк ранг мангу осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ҳамда садоқатни билдиради.


Оқ ранг эса муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.

Логотипнинг ўртасида акс эттирилган лочин эса ўткир кўз, зукко, доимо баланд чўққиларни кўзловчи, нишонни аниқ олиб, мақсад сари олға интилувчи мағрур қуш.

Янги мавсумда севимли жамоа футболчилари майдонда лочин каби хислатларга эга бўлиб, жамоатчилик ва мухлислар ишончини оқлашади, деган умиддамиз.

Рамзнинг айланаси ичида “Навбаҳор” Наманган ёзуви билан биргаликда клуб ташкил этилган 1978 йил қайд этилган.





Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати