Мбаппе жазодан қутилиб қолди! Ҳакам "Мадрид" юлдузининг "қилиғи"ни пайқамай қолган

Aslanov Jasurbek
11 фев 2026
Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе "Валенсия"га (2:0) қарши кечган баҳсдаги қўполлиги учун дисквалификация қилинмайдиган бўлди.

Бу ҳақда "L’Equipe" нашри хабар бермоқда.

Воқеа қандай содир бўлган эди? Биринчи бўлим якунида бош ҳакам Мбаппенинг офсайдда қолганини қайд этади. Килиан захира ҳаками Давид Камбронеро Гонсалесдан вазиятга изоҳ беришни сўрайди. Рефери буни трибуна ости йўлагида тушунтиришини айтади, бироқ иккинчи бўлим олдидан франциялик юлдузнинг такрорий сўровини эътиборсиз қолдиради. Бундан ғазабланган Мбаппе ҳакамни "масхарабоз" деб атайди.

Нега жазо берилмайди?

Мазкур ҳақоратли сўз учрашувдан кейинги расмий ҳакамлик қайдномасига киритилмаган.

Интизомий қўмита ҳакамлар ҳисоботида қайд этилмаган вазият бўйича иш очмайдиган бўлди.

"Қироллик клуби" раҳбарияти эса футболчининг бу ҳаракатини эмоциялар билан боғлаб, уни тушунишини билдирган.

Шундай қилиб, Мбаппе кейинги ўйинларда "қаймоқранглилар"га ёрдам бериши мумкин.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: L’Equipe