"Майдондаги ягона нопрофессионал — ҳакам!" Спаллетти "Лацио" билан ўйиндан сўнг портлади

Aslanov Jasurbek
9 фев 2026
Туринликлар устози Лучано Спаллетти учрашув бош ҳаками Марко Гуиданинг ҳаракатларидан ғазабда.

Нима содир бўлди? "Ювентус" ўз уйида 0:2 ҳисобида мағлуб бўла туриб, ирода кўрсатди ва мувозанатни тиклади (2:2). Бироқ ўйин давомида ҳакамнинг баъзи қарорлари, хусусан, биринчи бўлимда Тен Копмейнерснинг голи офсайд сабабли бекор қилингани ва пенальти борасидаги баҳсли вазиятлар Спаллеттининг сабрини тоширди.

Спаллеттининг фикрлари:

"Бугун майдонда 22 нафар профессионал футболчи ҳаракат қилди. Ҳакам эса майдондаги ягона нопрофессионал эди. Ҳакамлик тизимида ислоҳотлар ўтказиш вақти келди. Ҳар якшанба янги бир воқеага дуч келяпмиз", — деди мутахассис ўйиндан сўнг.

Шунингдек, Спаллетти жамоаси 0:2 ҳисобида ортда қола туриб, ўйинни қутқариб қолганидан мамнунлигини, аммо бундай хатолар ва ҳакамлик даражаси А Серия обрўсига путур етказишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу дурангдан сўнг "Ювентус" турнир жадвалида муҳим очколарни йўқотди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: x.com/nicoschira