"Манчестер Юнайтед" ҳимоячиси А Сериянинг топ-клубларига ўтиши мумкин

Sherzod Nurmatov
16 янв 2026
МЮ футболчиси Ҳарри Магуайр январь ойидаёқ жамоани тарк этиши эҳтимолдан холи эмас.

Италиялик журналист ва инсайдер Марко Контерио ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида берган маълумотга кўра, "Манчестер Юнайтед"нинг 32 ёшли ҳимоячиси А Сериянинг бир нечта клублари учун жозибали трансфер мақсадига айланган.

Манбага кўра, "Интер", "Наполи" ва "Фиорентина" каби жамоалар Магуайрни сафига қўшиб олишга қизиқмоқда. Бироқ ҳимоячи учун асосий даъвогар сифатида "Наполи" кўрсатилмоқда — неаполликлар футболчининг вакиллари билан дастлабки музокараларни бошлаб юборган.

Қайд этилишича, Магуайрнинг ўзи ҳам Манчестерни тарк этиб, янги чақирувларни излашга тайёр ва айнан шу қишки трансфер ойнасида янги клубга ўтишга қарши эмас.

Англиялик футболчи 2019 йилда "Лестер"дан "Манчестер Юнайтед"га 87 млн евро эвазига ўтган. МЮ сафида бўлган даврида Магуайр жами 256 ўйин ўтказиб, 17 та гол урган ва 9 та голли пас узатган. Ҳимоячи жорий мавсум жамоа таркибида 10 учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол ва 1 та ассист қайд этган.

Магуайрнинг "Манчестер Юнайтед" билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзигача мўлжалланган.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Football Italia