Людмила Карачик: "Биринчи ўринни эгаллашни мақсад қилганмиз"

Абдулвосит Бектемиров
13 янв 2025, 19:34
Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси Осиё Кубоги саралаш босқичидаги дастлабки учрашувини ўтказди. Филиппинга қарши кечган баҳсдан сўнг етакчи футзалчимиз Людмила Карачик ўйин ҳақида саволларга жавоб берди.

- Бугун миллий терма жамоамиз Осиё кубоги саралаш мусобақасидаги дастлабки ўйинни ўтказди. Афсуски, биз бугун ғалаба қозона олмадик, бироқ бизда яхши вазиятлар бўлди. Бугунги баҳс ҳақида гапириб ўтсангиз?

- Бу ўйин Ўзбекистонда бўлиб ўтди ва биз хотиржамроқ бўлишимиз керак эди. Бироз концентрацияни ҳам бой бердик. Ўйин сўнгида эса, чарчаб қолдик.

- Рақибимиз ҳақида нималар дея оласиз?

- Бугунги рақибимиз ҳам анча яхши жамоа эканлигини кўрдик. Улар биз каби индивидуал жиҳатлама кучли футзалчилар экан.

- Ўйиндан олдинги кутилмалар қандай эди? Бунга қадар Филиппин жамоаси ҳақида қандай тасаввурга эга эдингизлар?

- Биз уларга қарши яхши тайёргарлик кўргандик. Саралаш босқичида барча жамоалар ғалаба қозонишга интилади. Осон рақибнинг ўзи йўқ.

- Кейинги учрашувларимизга қандай тайёргарлик кўрмоқчисизлар? Кейинги рақибларимиз Австралия ва Кувайт терма жамоалари бўлади...

- Мураббийларимиз бўлажак рақибларимизни ўрганиб чиқишади ва улар ҳақида видеоматериаллар тайёрлашади. Биз эса уларни кўриб чиқамиз ва рақиб ҳақида аниқ тасаввур эга бўламиз.

- Осиё кубогининг саралаш босқичига тайёргарлик жараёнлари қандай кечди? 

- Барчаси аъло даражада бўлиб ўтди. Бизнинг мақсадимиз биринчи ўринни эгаллаш.



Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: championat.asia