

"Нима ҳам дердим. Ўйин биз жамоа сифатида яшаб ўтаётган воқеийликларга ўхшади. Қийин вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш. Бугун ҳам натижага шу орқали эришилди. Йигитлар бу ҳақда кўп маротаба гапирдим. Сўнгги тўрт ой давомида клуб билан рўй бераётган ҳодисаларга қарамай, мен йигитлардан фахрланаман", - деди Илёс Зейтуллаев баҳс якунлангач.
- Кеча ОАВ Итсуки Урата жамоани бир неча ойдан буён маош тўланмаётганлиги туфайли тарк этгани маълум қилинди. Ҳар бир ўйиндан сўнг сизга молиявий ҳолат ҳақида савол берилмоқда. Клубдаги аҳвол футболчилар жамоани тарк этишга бораётганчалик оғирми? Ҳолат ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз...
- Барчангиз нима бўлаётганини кўриб турибсиз. Мен эса мураббий сифатидаги назарим билан бўлишмоқчиман. Урата жамоани тарк этган тўртинчи футболчи. Дастлаб жамоани Дилшод Аҳмадалиев тарк этди. Кейин эса италиялик таҳлилчимиз. У ҳозир Б Сериянинг "Падова" клубида ишламоқда. Яхшиямки, таҳлилчи жамоа билан яхши кайфиятда хайрлашди. У жамоани тарк этаётганидан афсусда эди, аммо ҳозирги ҳолатимизда бошқа ечим йўқ. Мартин Шролер ҳам шу сабабли жамоани тарк этди. У ФИФАга мурожаат қилган. Мана энди Урата жамоамизни тарк этди ва ФИФага хат ёзди. Мен жамоамдан хавотирдаман. Мен бош мураббийман. Бундай жиддий саволлар, айниқса молиявий ҳолатимиз билан боғлиқ саволларни раҳбариятга берсангиз тўғрироқ бўлади. Улар саволингизга батафсилроқ жавоб бера олишади. Бош мураббий сифатида эса бир нечта футболчилар ва ходимлар клубни тарк этишини катта йўқотиш деб қабул қиламан. Ҳар бир йўқотиш биз қураётган лойиҳага таъсир ўтказади. Бу бизнинг касбимиз, ахир. Биз қанчалик профессионал бўлмайлик, тўрт ойдан буён маош олмаётган ҳар бир инсон ўзгаради. Ҳаммамизнинг оиламиз бор. Мен мураббий сифатида шу нарса ҳақида кўп ўйлаяпман ва хавотирдаман. Ривалдо билан бўлган ҳолат қайтарилмаса бўлгани деб ўтирибман. Билмадим. Бу ҳақда раҳбариятдан сўраганингиз маъқул.
- Навбатдаги 30 кун давомида Суперлигада 7та тур ўйинлари ўтказилади. Бундай зич тақвим МТЖнинг мундиалдан олдинги йиғинлари сабабчи бўлмоқда. Демак, Суперлига клублари апрель ойи давомида ҳар тўрт кунда ўйин ўтказади. Бу ўзига хос "Бохинг дай" клубларга қанчалик ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин? Жароҳатлар кўпайиб кетишидан қўрқмайсизми? Бундай зич тақвимдан олдин футболчилар жамоани тарк этиши сизни анча қийин ҳолатга тушириб қўйса керак...
- Журналист сифатида бундай ҳолатларга эътибор бериб, бу ҳақда сўраб суриштираётганингиздан хурсандман. Биласизми, футболимиз барча жабҳада ривожланмоқда. Журналистлар ўз соҳасида, биз мураббийлар эса ўз йўлимизда. Сиз айтаётган давр қийин кечади. Ўзингиз биласиз, кўпчилик инсонлар футболчилар кўп ойлик олишади ва ҳоказо деб гапиришади. Сизлар эса футболчиларнинг нималар ўтиб келаётганини биласиз ва бу ҳақда савол беряпсиз. Эртага биз тикланиш машғулотларини олиб боришимиз керак. Бир неча кундан сўнг "Машъал" билан ўйнаймиз. Базада бир неча ойдан буён иссиқ сув йўқ. Профессионал жамоа учун ғалати ҳолат. Эртанги машғулотни қандай ўтказиб олишимизни билмайман, очиғи. Бундай давр мобайнида ўйинчилар жароҳат олиши мумкин.
Биласизми, худо бизга ёрдам бермоқда. Биз бир жамоа бўлиб олдинга интиляпмиз. Эртага бир амаллаб тикланиш машғулотларини ўтказиб олиб, "Машъал"га тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Кундан кунга худо бизга ёрдам беришига ишонишда давом этамиз.
- Дастлабки уч ўйинда Абдумавлон Абдужалилов асосий таркибдан ўрин олди. Сўнгги икки учрашувда эса Федерико Ботти майдонда ҳаракатланяпти. "Бунёдкор" ким асосий дарвозабон?
- Икки дарвозабонимиз шунчаки супер. Бизда яна ёш Юсуф ҳам бор. Қишда италиялик дарвозабонлар мураббийни жамоага жалб этдим. У ўзбек футболидаги дарвозабонларга ёрдам бера олиши мумкин. Федерико бошида қийналди. Футболчилар билан коммуникация қилишда. Дарвозабон ҳимоячиларга кўп кўрсатма бериши керак. Шу сабабли Абдумавлон Федерикога ёрдам берди. Абдумавлон шунчаки ажойиб инсон. Ҳозир эса икки дарвозабон ўртасида рақобат кетмоқда. Абдумавлон ҳам бугун асосий таркибдан жой олишга лойиқ эди, аммо Хоразмдаги ишончли ўйиндан сўнг Боттига яна имконият бермасак бўлмасди. Ботти чемпионатимизда ҳаракатланаётгани футболимизга фойда келтира олади деб ўйлайман.
- Замонавий футболда марказий ҳимоячиларнинг ўрни қанчалик катта? Бугун икки голга ҳам марказий ҳимоячилар муаллифлик қилишда. "Сўғдиёна" - "Қўқон-1912" баҳсида ҳам ҳимоячи гол урди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам ҳимоячи дарвозани ишғол этди...
- Футбол - даврий ўйин. Барчаси ўз ўрнига қайтади. Замонавий футболда катта баланс. Ҳозирги кунда яхши жамоалар позицион ҳимоялана оладиган ва шу вақтдаёқ яхши техникага эга бўлиши керак бўлган даврга келдик. Аввалги ҳимоячилар билан солиштирганимизда фарқ шунда. Ҳозир ҳимоячилар фақатгина ҳимояланишни эмас, балки оёқда ҳам жуда яхши ўйнай олишлари талаб этилмоқда. Бобур Йўлдошев, Бугаринлар яхши ўйнашмоқда. Нажмиддин сўнгги икки мавсумда катта ўсишга эришди. Сардор ОКМКдан келиб бизни кучайтирди. Тўлқинбеков ва Наримон каби ёш ва иқтидорли футболчиларимиз ҳам бор.
- Италия кетма-кет учинчи бор ЖЧга чиқа олмади. Шу ҳақда нималар дея оласиз?
- Аёлим итальян, ўғлим эса ярим итальян ва ярим ўзбек. Эрталаб уйғонганимда оиламдагилар жуда хафа эди. Уйимизда икки кундан буён мотам. Бу жуда катта муаммо. Италияда ушбу муаммони муҳокама қилишмоқда. Италия футбол тарихига эга мамлакат. Италия ўзининг ишончли ҳимояси билан танилган эди. Неста ва Малдини каби афсонавий ҳимоячилар бор эди. Ҳозирги кунда эса ўз принципларидан воз кечиб, бошқа мамлакатларнинг футбол фалсафасини такрорлашга ҳаракат қилишди. Энди "учинчи фожиа"дан сўнг катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Ўз вақтида Белгия ва Германия футболида шундай инқилоб рўй берган. Паоло Малдини ва Роберто Баджо каби инсонларга қулоқ тутган яхши деб ўйлайман. Собиқ футболчилар кўпроқ футбол ҳақида ўйлаб, сиёсий масалаларни четга суришади. Фақатгина шундай йўл тутилса, яна яхши ва иқтидорли авлод пайдо бўлади.
- Ўйинни томоша қилмадингизми?
- Мен ҳигҳлигҳтс кўрдим. Биласиз, телевизорда Европадаги ЖЧ саралаш мусобақасини кўрсатишмади. Интернетдан кўришга ҳаракат қилдим, ёрдамчиларим Маркос ва Алекс эса базада бирга кўрайлик деган таклиф беришди. Ростини айтаман, ухлаб қолдим.



