

УЕФА Чемпионлар лигаси чорак финали доирасидаги "Барселона"га қарши баҳсдан сўнг Мадриднинг "Атлетико" клуби ижтимоий тармоқларда рақиби устидан троллинг уюштирди.
Мадридликлар ўзларининг расмий саҳифасига стадион чими фонидаги суратни жойлаб, унга "Эрталаб янги ўрилган майса ҳидини яхши кўраман" дея изоҳ қолдиришди.

Гап шундаки, ўйин олдидан "Барселона" бош мураббийи Ханси Флик УЕФАга "Метрополитано" стадионидаги майсанинг баландлиги борасида расмий шикоят киритган эди. Фликнинг фикрича, баланд ўсган чим каталонияликларнинг тезкор ўйинига халақит бериши мумкин бўлган.
Икки баҳс натижасига кўра зафар қучган "матрасчилар" эса ўйиндан сўнг рақиб мураббийининг ушбу эътирозига мана шундай киноя билан жавоб қайтаришди.



