

ЕЧЛ 1/4 финалининг жавоб учрашуви доирасида Мадриднинг "Атлетико" ва "Барселона" жамоалари ўртасидаги баҳс якунланди. "Сивитас Метрополитано" стадионида кечган қизиқарли тўқнашувда каталонияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучишди, бироқ илк ўйиндаги мағлубият (0:2) туфайли мусобақани тарк этишди. Ўйинни Клеман Тюрпен бошқариб борди.
Ўйин "кўк-анорранглилар" учун жуда ваъдали бошланди:
4-дақиқа: Ламин Ямаль ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди ва ўз рекордини янгилади.
24-дақиқа: Ферран Торрес иккинчи голни уриб, икки ўйин натижасига кўра мувозанатни тиклади.
31-дақиқа: Мадридликларнинг янги қаҳрамони Адемола Лукман муҳим гол муаллифига айланиб, "матрасчилар"га керакли устунликни қайтарди.
Иккинчи бўлимда ҳам ҳаяжон пасайгани йўқ. 55-дақиқада Ферран Торрес рақиб дарвозасини яна бир бор ишғол этганди, бироқ VAR текширувидан сўнг офсайд сабабли гол инобатга олинмади. Учрашув якунида, 80-дақиқада Эрик Гарсия қизил карточка олиб, "Барселона"ни қийин аҳволда қолдирди.
"Атлетико Мадрид" - "Барселона" 1:2
Гол: Лукман 31 - Ямал 4, Торрес 24.
"Атлетико Мадрид": Муссо (Д), 19. Альварес, 7. Гризманн, 6. Коке (С), 15. Ленгле, 24. Ле Норман, 14. Льоренте, 22. Лукман, 16. Молина, 3. Ружери, 20. Симеоне.
"Барселона": 13. Гарсия (Д), 2. Кансело, 16. Фермин, 24. Э. Гарсия, 6. Гави, 23. Кунде, 10. Ламин Ямал, 18. Мартин, 20. Ольмо, 8. Педри (С), 7. Торрес.
Шу тариқа, Диего Симеоне шогирдлари умумий 3:2 ҳисобидаги ғалаба эвазига ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди. "Атлетико" финал остонасида "Арсенал" — "Спортинг" жуфтлиги ғолиби билан куч синашади. "Барселона" учун эса Еврокубок мавсуми шу ерда якунланди.



