"Динамо"нинг уругвайлик легионери ватанига жўнаб кетди

Оқил Абдубарноев
25 апр 2026, 22:19
Самарқанднинг "Динамо" клуби ҳимоячиси Мауро Брасил айни вақтда ўз ватани – Уругвайда бўлиб турибди. Бу ҳақда футболчи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Instagram тармоғидаги саҳифасига жойланган сўнгги суратда уругвайлик легионер Монтевидео шаҳрида автомашина бошқариб кетаётганини ва "ўз юртига қайтганини" (испан тилида "de vuelta en el paisito") қайд этган. Шунингдек, кадрда футболчининг Жанубий Америка халқларига хос бўлган анъанавий мате ичимлигини ичиб кетаётганини ҳам кўриш мумкин.

photo_2026-04-25_22-07-47.jpg

Маълумот ўрнида, 27 ёшли марказий ҳимоячи жорий йилнинг бошида "Динамо" сафига келиб қўшилган эди. У Ўзбекистон чемпионати тарихида ҳаракат қилаётган илк уругвайлик футболчи ҳисобланади. Айни вақтда Мауронинг қандай сабабга кўра (кичик таътил, оилавий сабаблар ёки бошқа омиллар) Уругвайга кетганлиги борасида ҳозирча расмий баёнот берилмаган.

Самарқандликлар эса Суперлигадаги иштирокини давом эттирмоқда. Эслатиб ўтамиз, Брасил мавсум бошидан буён икки ўйинда атига 60 дақиқа майдонда тўп тепди. Охирги икки учрашувда эса қайдномага ҳам киритилмади.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia