

— Авваламбор, рақибни бугунги ғалаба билан табриклаймиз. Ўйинга келадиган бўлсак, биринчи турни очилиш баҳси сифатида ўтказгандик. "Каттақўрғон"га қарши учрашувда ҳам худди шундай хатолар сабаб гол ўтказиб юборган эдик. "ФарДУ"га қарши баҳсга яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйиндан кейин тикланиш учун ҳам етарлича вақт бўлди. Йигитларга аввалги учрашувни унутиб, навбатдаги ўйинга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган эдик. Тўғрисини айтганда, ҳисоб ўйинга мос келмади. Буни фақат учрашувни кўрган одам англайди. Бир нарсани аниқ айтаман: "ФарДУ" деярли ҳар ўйинда пенальти тепади. Бугун ҳам 11 метрлик зарба бор эдими ёки йўқ — билмайман. Ҳакамларнинг кўплаб хатолари ўйинга таъсир кўрсатмоқда. Ҳаёт давом этади, навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўрамиз, — деди Айбек Нурбаев.
— "Жайхун" бу йилдан университет жамоасига айлантирилди. Жамоа олдига қандай вазифалар қўйилган?
— Ректор томонидан олдимизга аниқ вазифалар қўйилган. Ҳар бир учрашувда муносиб ўйин кўрсатишимиз керак. Ғалаба қозониш асосий мақсад ҳисобланади. Барча шароитлар мавжуд ва яратиб берилмоқда. Бироқ ҳозирги футболчиларнинг руҳиятини тушунмаяпман. Назаримда, улар фақат бугунги кун билан яшамоқда. Инсон орзу ва мақсадлар билан яшаши керак. Суперлигада ўйнаш — ҳар бир футболчининг орзуси бўлиши лозим. Мен эса қўлимдан келган барча имкониятни ишга соляпман.
— Футболчилик фаолиятингиз давомида водий жамоаларида ўйнагансиз. Айни пайтда Абдусалом Нуриддинов шогирдингиз сифатида ҳаракат қилмоқда. Унинг ўйини ҳақида фикрингиз қандай?
— Абдусалом иқтидорли футболчи. У "Цементчи"дан жамоамиз сафига келиб қўшилди ва бизга мос тушди. Шунинг учун уни таркибимизга жалб этдик. Илк турда жароҳати сабаб майдонга туша олмади. Келгусида клубимизга катта ёрдам беради, деб умид қиламиз.



