"Андижон" футболчиларининг соғлиғи борасида маълумот берилди

Aslanov Jasurbek
4 фев 2026
"Андижон" жамоасининг Қозоғистоннинг "Шахтёр" клубига қарши кечган ва муддатидан аввал тўхтатилган назорат баҳсида икки нафар футболчи жиддий жароҳат олган эди.

Жамоа бош шифокори Абдулвоҳид Ғуломов ҳамда Абдураҳмон Комиловнинг айни дамдаги ҳолати бўйича расмий маълумот берди.

Жароҳат олган футболчилар шифохонага олиб борилган ва керакли тиббий муолажалар ўтказилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи қуйидагича:

Абдулвоҳид Ғуломов: Футболчининг ўнг қулоғи 1,5 сантиметр атрофида йиртилган ва шу сабаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. ЛОР тавсияси билан компьютер томографиясидан ўтказилган бўлиб, ҳозирда аҳволи қониқарли ва даволаниш режа асосида давом этмоқда.

Абдураҳмон Комилов: Унга бош миянинг ёпиқ жароҳати ва ўрта даражадаги бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Невропатолог тавсияси билан КТ қилинган. Абдураҳмоннинг ҳам ҳолати ҳозирда қониқарли.

Икки футболчига ҳам шифохонадан рухсат берилган ва улар айни дамда жамоа шифокорлари назоратида бўлиб туришибди. Улар тез орада сафга қайтиши кутилмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: "Андижон" матбуот хизмати