Алиссон ва Кьеза "Галатасарой"га қарши ўйнамайди: Слот вазиятга ойдинлик киритди

Aslanov Jasurbek
10 мар 2026
"Ливерпуль"нинг икки асосий футболчиси — дарвозабон Алиссон ва ярим ҳимоячи Федерико Кьеза Чемпионлар Лигаси доирасида Истанбулда "Галатасарой"га қарши кечадиган эртанги баҳсни ўтказиб юборади.

Ҳар икки ўйинчи жамоа билан бирга Туркияга учиб кетмаган.

Сабаб нимада?

Мерсисайдликлар бош мураббийи Арне Слот ўйинолди матбуот анжуманида шогирдларининг ҳолати юзасидан маълумот берди:

"Феде кеча тунда ўзини ёмон ҳис қила бошлади.

Алиссон ҳам машғулотларда иштирок этаётган эди, бироқ якунга келиб ўзида қандайдир безовталик сезди. Шифокорлар уни кўрикдан ўтказишди ва биз биргаликда унинг бу сафарга бормаслиги мақсадга мувофиқ деб топдик. Унинг якшанба кунги ўйинда майдонга тушиш эҳтимоли, албатта, бор. Бу унчалик жиддий муаммо эмас, лекин эртанги баҳс учун у ҳали тайёр бўлмайди", — деди Слот.

Эслатиб ўтамиз, "Ливерпуль" ушбу еврокубок баҳсидан сўнг, якшанба куни АПЛнинг 30-тури доирасида ўз майдонида "Тоттенхэм"ни қабул қилади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Liverpool Echo