

Суперлига. 8-тур
19 апрель
"Сўғдиёна" - "Бунёдкор" 2:3
Бош ҳакам: Абдурашид Худойберганов
Ёрдамчи ҳакамлар: Шоҳнур Мақсудов, Адҳамжон Рихсибоев
Захира ҳаками: Алишер Тўхтасинов
ВАР ҳаками: Акобирхўжа Шукуруллаев
АВАР ҳаками: Алишер Усмонов
Назоратчи: Бахтиёр Тагаев
Комиссар: Абдулвосит Валихонов
Голлар: 1:0 – 4, Люпчо Дориев, 2:0 – 26, Люпчо Дориев, 2:1 – 38, Билолхон Тошмирзаев (Носиржон Абдусаломов), 2:2 – 50, Билолхон Тошмирзаев, 2:3 – 69, Билолхон Тошмирзаев (Самандаржон Мавлонқулов)
“Сўғдиёна”: 1.Шохруҳ Исоқов, 2.Зоир Жўрабоев, 3.Исломжон Қобилов, 4.Отабек Аҳадов (77.Ойбек Нурматов, 76), 9.Фейсал Мулич (7.Александар Больевич, 60), 10.Жавоҳир Қаҳрамонов (8.Суҳроб Иззатов, 55), 11.Отабек Жўрақўзиев (29.Амирбек Саидов, 76), 13.Филип Иванович, 14.Люпчо Дориев, 17.Оллаберган Каримов (70.Жасурбек Жалолиддинов, 76), 32.Нодиржон Сойибов
Захира: 18.Никола Миркович, 21.Тохирбек Тўхтасинов, 22.Абдулазизхон Абдурашидов, 42.Сардорбек Эркинов
“Бунёдкор”: 16.Федерико Ботти, 4.Нажмиддин Нормуродов (с), 6.Бобурбек Йўлдошев, 8.Дмитрий Плетнев (9.Матия Кривокарич, 77), 11.Сардор Абдунабиев, 17.Музаффар Олимжонов (27.Ислом Анваров, 90+1), 21.Носиржон Абдусаломов (10.Амир Тўрақулов, 77), 23.Асадбек Раҳимжонов, 28.Самандаржон Мавлонқулов (14.Шаҳзоджон Нематжонов, 90+3), 66.Азизбек Тўлқунбеков, 77.Билолхон Тошмирзаев
Захира: 1.Абдумавлон Абдулжалилов, 22.Муҳаммадюсуф Собиров, 7.Шаҳбоз Умаров, 47.Садриддин Ҳасанов, 88.Миркамол Аннаматов
Огоҳлантириш: Филип Иванович (59)
90+5–дақиқа. УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ!
Ҳакам Абдурашид Худойбергановнинг финал ҳуштаги янгради. Жиззахдаги стадионда ҳақиқий триллер гувоҳига айландик. "Бунёдкор" жамоаси 0:2 ҳисобида мағлуб бўлаётиб, якунда 3:2 ҳисобидаги иродали ғалабани қўлга киритди!
Бугунги учрашувнинг шубҳасиз қаҳрамони – Билолхон Тошмирзаев. Унинг хет-трики "қалдирғочлар"га мавсумдаги энг муҳим ва эсда қоларли ғалабалардан бирини тақдим этди. "Сўғдиёна" ўйинни жуда ишончли бошлаган ва Люпчо Дориевнинг дубли эвазига олдинга чиқиб олган бўлса-да, устунликни сақлаб қола олмади.
90+4–дақиқа. Ботти "Бунёдкор"ни қутқармоқда!
Учрашув якунланишига бир дақиқа қолганда, Жасурбек Жалолиддинов яна бир бор бор масъулиятни ўз зиммасига олди. У қулай нуқтадан дарвозани нишонга олди. Зарба аниқ ва хавфли чиқди, аммо Федерико Ботти бугунги хатоларини бутунлай ювиб юборди.
Италиялик посбон ишончли ҳаракат қилиб, тўпни эгаллаб олди ва жамоадошларига бироз нафас ростлаш учун имкон берди. Бу балки "Сўғдиёна"нинг сўнгги имконияти эди.
90+3–дақиқа. "Бунёдкор"дан сўнгги тактик юриш!
Ўйин якунланишига саноқли сониялар қолаётган бир пайтда, меҳмонлар яна бир бор ўзгаришни амалга оширишди. Жамоанинг тажрибали вакилларидан бири, майдонда бор кучини сарфлаган Самандаржон Мавлонқулов захирага олинди.
Унинг ўрнига майдонга янги куч сифатида Шаҳзоджон Нематжонов туширилди.
90+1–дақиқа. "Бунёдкор" вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда!
Қўшиб берилган дақиқалар бошлангач, меҳмонлар бош мураббийи ўйин суръатини тушириш ва мудофаани мустаҳкамлаш мақсадида навбатдаги ўзгаришни амалга оширди.
Бугун майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарган Музаффар Олимжонов ўз ўрнини Ислом Анваровга бўшатиб берди.
90–дақиқа. Қўшимча дақиқалар!
Бош ҳакам Абдурашид Худойберганов иккинчи бўлимдаги тўхталишлар ва ўзгаришларни инобатга олиб, асосий вақтга 5 дақиқа қўшиб берди.
Бу "Сўғдиёна" учун мағлубиятдан қутулиб қолиш ва камида бир очко ишлаш учун охирги имконият дегани. "Бунёдкор" эса бор кучи билан мудофаага эътибор қаратмоқда.
90–дақиқа. "Сўғдиёна"да сўнгги умидлар!
Асосий вақтнинг сўнгги сониялари ўтиб бормоқда. Майдонга захирадан тушиб, ўйинни жонлантирган Жасурбек Жалолиддинов ташаббусни ўз қўлига олди. У қулай нуқтага чиқиб бориб, ўзининг машҳур чап оёғида дарвозанинг яқин пастки бурчагини нишонга олди. Ноаниқ.
89–дақиқа. "Бунёдкор" ҳисобни мустаҳкамлаб қўйиши мумкин эди.
Ўйин якунланиб бораётган бир пайтда, меҳмонлар қарши ҳужумда имкониятга эга бўлишди. Захирадан майдонга тушган Матия Кривокапич қулай вазиятга чиқиб борди ва зарба йўллади.
Бироқ, зарбада куч ва шиддат етишмади. Тўп тўппа–тўғри "Сўғдиёна" посбони Шохруҳ Исоқовнинг қўлларига бориб тушди. Дарвозабон учун бундай зарбани қайтариш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади.
86–дақиқа. "Сўғдиёна" босим уюштиришдан тинмаяпти!
Мезбонлар вақт тобора камайиб бораётгани сабабли бор кучлари билан олдинга ташланишмоқда. Навбатдаги ҳужум марказида Александар Больевич пайдо бўлди. Черногориялик легионер қулай имкониятни топиб, "Бунёдкор" дарвозасини нишонга олди.
Зарба анча хавфли кўриниш олди, бироқ тўп дарвоза устунининг салгина ёнидан ўтиб, майдонни тарк этди.
80–дақиқа. Майдонда навбатдаги тўқнашув!
"Бунёдкор"нинг янги тушган ҳужумчиси Матия Кривокапич ва "Сўғдиёна" ҳимоячиси Филип Иванович ўртасида ҳаво борт курашида жуда қаттиқ тўқнашув содир бўлди. Ҳар икки футболчи баланд сакраганди, бироқ Кривокапич ерга ноқулай йиқилди.
Ўйин тўхтатилди ва меҳмонларнинг тиббий ходимлари майдонга югуриб чиқишди. Ҳакам Абдурашид Худойберганов вазиятни синчиклаб кўздан кечирди ва бу ерда қоида бузилиши йўқ, деб топди – бу шунчаки ўйин вазиятидаги табиий тўқнашув эди.
Кривокапичга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
79–дақиқа. "Бунёдкор" ҳисобни янада ошириши мумкин эди!
"Сўғдиёна" ҳимоячиларининг ўзаро тушунмовчилиги ва қўпол хатосидан сўнг, меҳмонлар футболчиси қулай имкониятга эга бўлди. У дарвозабон билан деярли юзма-юз келиб, яқин масофадан кучли зарба йўллади.
Бу вазиятда Шохруҳ Исоқов ажойиб маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. Бироқ вазият якунлангач, ён ҳакам байроқчасини кўтарди – ҳужумчи офсайдда қолган экан. Агар гол бўлганида ҳам, барибир инобатга олинмасди. Шунга қарамай, Жиззах жамоаси ҳимоясидаги бундай парокандалик мухлисларни анча хавотирга солмоқда.
78–дақиқа. Дориевда хет-трик учун ажойиб имконият бўлганди!
"Сўғдиёна" ҳисобни тенглаштириш учун босимни максимал даражага кўтарди. Чап қанотдан жарима майдончаси ичига жуда аниқ ва қулай узатма амалга оширилди. У ерда учрашувнинг энг фаол ўйинчиларидан бири Люпчо Дориев тўпни кутиб олди.
Македониялик легионер яқин масофадан бош билан зарба йўллади, бироқ тўп дарвоза устунининг юқорисидан ўтиб кетди.
77–дақиқа. "Бунёдкор" таркибида ҳам қўшалоқ ўзгариш!
Меҳмонлар бош мураббийи ҳам "янги қон" кераклигини тушуниб, таркибни янгилашга қарор қилди. Ҳисобда олдинга чиқиб олган "қалдирғочлар" энди устунликни сақлаб қолиш ва қарши ҳужумда рақибни жазолашга эътибор қаратишади:
Дмитрий Плентёв майдонни тарк этди, унинг ўрнига Матия Кривокапич тушди.
Носиржон Абдусаломов ўрнига эса Амир Тўрақулов ўйинга қўшилди.
76–дақиқа. "Сўғдиёна"дан яна бир хавфли ҳужум!
Мезбонларнинг кетма-кет ўзгаришларидан сўнг босим янада кучайди. Ҳимоячи Исломжон Қобилов жарима майдончаси ичида пайдо бўлди ва қулай имкониятга эга бўлди. Унинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбаси дарвоза тўсинининг салгина юқорисидан ўтиб кетди.
76–дақиқа. "Сўғдиёна" таркибида вабанк! Учта ўзгариш!
Мезбонлар бош мураббийи ўйинни қутқариб қолиш учун бор имкониятларини ишга солмоқда. Майдонда бир йўла учта алмаштириш:
Оллаберган Каримов ўрнига майдонга жамоанинг иқтидорли ва техникаси кучли вакилларидан бири Жасурбек Жалолиддинов тушди.
Отабек Аҳадов ўз ўрнини Ойбек Нурматовга бўшатиб берди.
Бугун анча фаол ҳаракат қилган Отабек Жўрақўзиев ўрнига эса ёш ҳужумчи Амирбек Саидов ўйинга қўшилди.
72–дақиқа. Федерико Боттидан сейв! "Бунёдкор" посбони жамоасини қутқармоқда!
Ҳисобда ортда қола бошлаган "Сўғдиёна" бор кучи билан ҳужумга ташланди. Захирадан ўйинга қўшилган Александар Больевич жарима майдончаси ичида ҳаводан узатилган тўп учун курашда ғолиб чиқди ва дарвозанинг юқори бурчагини нишонга олди.
Зарба жуда хавфли ва кутилмаган чиқди, бироқ Федерико Ботти ажойиб реакция кўрсатиб, қийинчилик билан бўлса-да, тўпни қайтариб юборди! Италиялик посбон аввалги хатоларини ювиб, ҳозир жамоасининг муҳим устунлигини сақлаб қолди. Жиззахликлар босимни янада оширишмоқда, ўйиннинг қолган қисми ҳақиқий "жанг"га айланиши аниқ!
69–дақиқа. ГООООООООЛЛЛЛЛ!!! КАМБЭК!!! БИЛОЛХОН ТОШМИРЗАЕВ – ХЕТ-ТРИК!
Жиззахда ҳақиқий фантастика! "Бунёдкор" 0:2 ҳисобини 3:2 кўринишига келтириб, иродавий тарзда олдинга чиқиб олмоқда!
Меҳмонларнинг чап қанотдан бошланган ҳужуми тезкорлик билан марказга кўчди. Самандаржон Мавлонқулов жарима майдончаси ичига хавфли пас узатди. Носиржон Абдусаломов тўпга ета олмади, аммо бу "қалдирғочлар" учун айни муддао бўлди – тўп унинг ортида турган Билолхон Тошмирзаевга келиб тушди.
Тошмирзаев яқин масофадан совуққонлик билан аниқ зарба йўллади. "Сўғдиёна" дарвозабони ва ҳимоячилари тўп йўлини тўсишга қанчалик уринишмасин, бугунги кун қаҳрамонини тўхтата олишмади!
67–дақиқа. Омадсиз уриниш.
"Сўғдиёна" ҳимоячиси Исломжон Қобилов олдинга интилиб, рақиб жарима майдони ташқарисида тўпни қабул қилиб олди. У қулай имконият туғилиши билан дарвозани нишонга олишга қарор қилди.
Бироқ зарба бериш пайтида Қобилов тўпга ноқулай тарзда зарба берди.
63–дақиқа. "Бунёдкор" дарвозабонидан кетма-кет хатолар!
Меҳмонлар посбони Федерико Ботти кутилмаганда ўз жарима майдончаси яқинида пас беришда кетма-кет икки бор хатога йўл қўйди. Бундай совғадан Отабек Жўрақўзиев унумли фойдаланиб қолиши ва ҳисобни ўзгартириши мумкин эди.
Бироқ жиззахликларнинг ҳужум чизиғи вакили вазиятни гол билан якунлай олмади. Боттининг хатосини "қалдирғочлар" ҳимоячилари ёпишга улгуришди – улар ишончли ҳаракат қилиб, хавфни бартараф этишди.
60–дақиқа. "Сўғдиёна" ҳужум чизиғини янгиламоқда!
Мезбонлар бош мураббийи навбатдаги ўзгаришни амалга оширди. Бугунги голларда фаол иштирок этган ва рақиб ҳимоячиларига анчагина бош оғриғи бўлган Фейсал Мулич майдонни тарк этди. Унинг ўрнига ўйинга Александар Больевич туширилди.
Муличнинг жисмоний кучидан кўра, энди Больевичнинг тезкорлиги ва техникасига эътибор қаратиляпти шекилли. Икки тўпли устунликни қўлдан чиқарган жиззахликлар ҳужумга янги кучлар орқали жон бағишлашга ҳаракат қилишмоқда. Кўрамиз, черногориялик легионер ўйин тақдирини ўзгартира олармикин?
59–дақиқа. Учрашувдаги илк сариқ карточка!
"Сўғдиёна" ҳимоячиси Филип Иванович тўп учун курашда кечикиб қолди ва Азизбек Тўлқунбековнинг оёғини босиб олди. Вазият ҳакамнинг кўз ўнгдида содир бўлди.
Бош ҳакам Абдурашид Худойберганов дарҳол ўйинни тўхтатди ва сербиялик легионерга қоидани қўпол равишда бузгани учун сариқ карточка кўрсатди.
55–дақиқа. "Сўғдиёна" таркибида илк ўзгариш!
Мезбонлар бош мураббийи ўйин тизгини қўлдан чиқаётганини сезиб, таркибда ўзгаришга қўл урди. Жамоа сардори Жавоҳир Қаҳрамонов майдонни тарк этди. Унинг ўрнига ўйинга Суҳроб Иззатов туширилди.
Кўринишидан, жиззахликлар марказдаги назоратни қайтариб олишни ва ҳимояга кўпроқ ёрдам беришни мақсад қилишган. Сардорлик боғичи энди бошқа бир тажрибали ўйинчига ўтади.
54–дақиқа. Майдонда эҳтирослар жунбушга келмоқда!
"Сўғдиёна" ҳимоячиси Исломжон Қобилов ўз қанотида Сардор Абдунабиевни тўхтатиб қолишда қоидани бузди, деб топилди. Абдурашид Худойберганов фибини чалиб, меҳмонлар фойдасига жарима зарбаси белгилади.
Бироқ Қобилов ҳакамнинг бу қароридан мутлақо норози. У ҳакам билан анча вақт баҳслашиб, фол ишлатмаганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, Худойберганов ўз фикрида қатъий қолди – жарима зарбаси ижро этилади.
50–дақиқа. ГОЛ!!! Ҳисоб тенглашди — 2:2!
Камбэк! Билолхон Тошмирзаев бугун Жиззахда ҳақиқий шоу кўрсатмоқда! Жарима зарбасини ижро этиш учун тўп ёнига келган Билолхон заргарона зарба билан тўпни жонли девор устидан ошириб, дарвоза тўрига жойлаб қўйди.
Шохруҳ Исоқов тўпга ташланди, бироқ дарвозабон ожиз қолди. Билолхон Тошмирзаев ҳам Дориевнинг дублига дубль билан жавоб қайтарди. "Бунёдкор" 0:2 ҳисобини 2:2 кўринишига келтириб, ирода намойиш этмоқда.
49–дақиқа. "Бунёдкор"да стандарт вазият!
Майдон марказига яқин ҳудудда кескин кураш кузатилди. "Бунёдкор" ҳимоячиси Азизбек Тўлқунбеков тўп билан олдинга интилаётган бир пайтда, "Сўғдиёна" аъзоси Нодиржон Сойибов уни қоидани бузган ҳолда тўхтатиб қолди.
Бош ҳакам Абдурашид Худойберганов вазиятни яқинла кузатиб турди ва иккиланмай жарима зарбаси белгилади. Меҳмонлар стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, Жиззах жамоаси жарима майдончаси ичида хавф туғдиришга ҳаракат қилишади.
46–дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди!
Ҳакам Абдурашид Худойберганов хуштагини чалди ва иккинчи бўлимга старт берилди.
45+2–дақиқа. Биринчи бўлим якунланди!
Абдурашид Худойбергановнинг хуштаги жамоаларни танаффусга таклиф этди. Жиззахда голларга бой, шиддатли ва қизиқарли биринчи бўлим гувоҳига айландик.
Биринчи бўлим қисқача тафсилотлари:
4–дақиқа: Люпчо Дориев ҳисобни очди – 1:0.
26–дақиқа: Дориев дублни расмийлаштирди – 2:0.
38–дақиқа: Билолхон Тошмирзаев индивидуал маҳорат эвазига ҳисобни қисқартирди – 2:1.
45–дақиқа.
Бош ҳакам Абдурашид Худойберганов биринчи бўлимнинг асосий вақтига 2 дақиқа вақт қўшиб берди.
Жиззахдаги баҳс жуда шиддатли ва голларга бой ўтмоқда. "Сўғдиёна" учрашувни назорат қилаётгандек кўринган бўлса-да, "Бунёдкор"нинг жавоб голидан сўнг ўйин тенглашди. Ҳар икки жамоа ҳам танаффусга қадар яна бир бор рақиб дарвозасини нишонга олишга интилмоқда.
44–дақиқа. Биринчи бўлим якунида "Сўғдиёна"дан навбатдаги ҳужум!
Мезбонлар стандарт вазиятга эга бўлишди. Тўп ёнида учрашув қаҳрамони Люпчо Дориев. Унинг марказдан жарима майдончаси ичига етказиб берган узатмаси анча хавфли чиқди. Ҳужумга қўшилган Отабек Жўрақўзиев қулай позицияга чиқиб бориб, тўпга бош билан зарба йўллади.
Бироқ Отабекнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади – тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. "Сўғдиёна" танаффусга икки тўп фарқи билан чиқиб кетиш имкониятини қўлдан бой берди. "Бунёдкор" мудофааси эса бу вазиятда Жўрақўзиевни очиқ қолдириб, хатога йўл қўйганди.
38–дақиқа. ГОЛ!!! "Бунёдкор" ўйинга қайтмоқда!
Меҳмонлар ҳисобни қисқартиришди! Билолхон Тошмирзаев индивидуал маҳорат эвазига ажойиб гол муаллифига айланди. У ўнг қанотдан марказ томон ички томонга юриш қилди ва бир нечта ҳимоячиларни чалғитиб, ўзига қулай позиция яратди.
Тошмирзаевнинг чап оёқда йўллаган айланма зарбаси "Сўғдиёна" ҳимоячилари орасидан ўтиб, дарвозанинг узоқ бурчагига бориб тушди. Шохруҳ Исоқовнинг сакраши бефойда эди.
32–дақиқа. "Сўғдиёна" учинчи голга жуда яқин келди!
Отабек Жўрақўзиев чап қанотда "мотор"дек ҳаракат қилмоқда. У катта тезликда олдинга бориб, рақиб ҳимоясини ёриб ўтди ва жарима майдончаси марказига аниқ пас узатди.
У ерда Фейсал Мулич тўпни кутиб олди ва дарвозани нишонга олди. Бироқ зарба бироз баландлаб кетди – тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Тўп ҳимоячилардан бирига тегиб йўналишини ўзгартирган бўлиши ҳам мумкин.
26–дақиқа. ГОЛ!!! ДУБЛЬ! Люпчо Дориев!
"Сўғдиёна" ҳисобдаги фарқни оширмоқда! Жиззахликлар томонидан амалга оширилган бурчак тўпидан сўнг "Бунёдкор" ҳимоячилари тўпни жарима майдончаси ташқарисига чиқариб юборишганди. Бироқ қайтган тўпга биринчи бўлиб Люпчо Дориев етиб келди.
Шимолий македониялик легионер тўпни тўхтатмасдан, ўнг оёғи билан жуда кучли ва аниқ зарба йўллади. Тўп яна ўша – дарвозанинг узоқ пастки бурчагига бориб қадалди! Федерико Ботти бу сафар ҳам ожиз.
25–дақиқа. "Сўғдиёна" ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди!
Мезбонларнинг 11-рақамли футболчиси Отабек Жўрақўзиев ўнг қанотда катта тезлик билан олдинга интилди. У рақиб ҳимоячиларини ортда қолдириб, қулай позицияга чиқиб борди ва дарвоза томон кучли зарба йўллади.
Бу вазиятда "Бунёдкор" посбони Федерико Ботти маҳорат кўрсатди. Италиялик дарвозабон тўп йўлини тўсиб, хавфни бартараф этди ва жамоасини иккинчи голдан қутқариб қолди.
23–дақиқа. Дарвоза олдида хавфли ва нохуш вазият!
"Бунёдкор" стандарт вазиятга эга бўлди. Билолхон Тошмирзаев жарима тўпини "Сўғдиёна" дарвозаси томон юқорилатиб узатиб берди. Тўпга чиқишда мезбонлар посбони Шохруҳ Исоқов ва ҳимоячи Филип Иванович ўзаро тушунмовчилик туфайли тўқнашиб кетишди.
18–дақиқа. "Сўғдиёна"дан тезкор қарши ҳужум!
Мезбонлар ҳимоячиси Зоир Жўрабоев ўз жарима майдончаси яқинидан рақиб ҳимоя чизиғи ортига жуда масофали ва аниқ узатмани амалга оширди. Фейсал Мулич катта тезликда тўпга интилиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетиши мумкин эди.
Бироқ, "Бунёдкор" сардори Нажмиддин Нормуродов эпчиллик кўрсатиб, хавфни сезди ва вазиятни назорат остига олди. Мулич эса тўп учун курашда мувозанатни йўқотиб, майдонга йиқилди. Ҳакам вазиятда қоида бузилмаганлигини қайд этди – ҳужумчи ҳеч қандай таъсирсиз, ўз ҳаракати натижасида йиқилиб тушганди.
15–дақиқа. "Бунёдкор"дан жавоб ҳужуми!
Меҳмонлар стандарт вазиятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди. Билолхон Тошмирзаев бурчак тўпини жарима майдончаси ичига юқорилатиб етказиб берди. Ҳаммадан баланд сакраган жамоа сардори Нажмиддин Нормуродов тўпни дарвозага йўналтирди.
Зарба анча хавфли чиқди, бироқ "Сўғдиёна" ҳимоячилари яна ўз ўрнида. Тўп ҳимоячилардан бирига тегиб, майдонни тарк этди.
12–дақиқа. Баҳсли вазият!
"Бунёдкор" футболчилари рақиб жарима майдончаси ичида фаоллик кўрсатишди. Сардор Абдунабиев чап қанотдан тезкорлик билан ичкарига ёриб кирди ва Исломжон Қобилов билан тўқнашиб, майдонга йиқилди. Меҳмонлар бу вазиятда пенальти борлигига ишора қилишди.
Бироқ бош ҳакам Абдурашид Худойберганов вазиятга яқин эди ва қоида бузилмаганлигини билдириб, ўйинни давом эттиришни сўради.
9–дақиқа. "Сўғдиёна" иккинчи голга жуда яқин келди!
Жиззахликларнинг сербиялик гиганти Фейсал Мулич майдон марказида ҳақиқий маҳорат намойиш этди. У "Бунёдкор"нинг икки ҳимоячисини худди машғулотлардагидек алдаб ўтиб, жарима майдончаси ичига заргарона пас узатди.
Тўп яна гол муаллифи Люпчо Дориевга келиб тушди. Дориевда дубль қайд этиш учун қулай имконият юзага келганди, бироқ унинг чап оёқда йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади. Тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Меҳмонлар мудофааси ҳозирча Муличнинг жисмоний устунлиги ва техникаси олдида қийналиб қолмоқда.
7–дақиқа. Навбатдаги хавфли вазият!
"Сўғдиёна" голдан сўнг тўхтаб қолмоқчи эмас. Мезбонлар ярим ҳимоячиси Отабек Жўрақўзиев жарима майдончаси ташқарисида тўпни қабул қилиб олди ва ҳеч иккиланмай дарвоза томон кучли зарба йўллади.
Тўп йўлида "Бунёдкор" аъзоси Дмитрий Плетнёв ғов бўлди – унинг оёғига тегиб, йўналишини ўзгартирган тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди. Агар рикошет бўлмаганида, Федерико Ботти учун жуда қийин бўлиши мумкин эди. Майдон эгалари бурчак тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Мезбонлар босимни оширишда давом этмоқда!
4-дақиқа. ГОЛ! Учрашув стартиданоқ мезбонларнинг босими ўз самарасини берди.
Жарима майдончаси ичидаги тартибсизликдан жиззахликлар унумли фойдаланишди. Фейсал Муличнинг дарвоза томон йўллаган кучли зарбаси "Бунёдкор" ҳимоячисига тегиб, йўналишини ўзгартирди ва қулай тарзда Люпчо Дориевга бориб тушди.
Дориев эса совуққонлик билан ҳаракат қилиб, дарвозанинг узоқ пастки бурчагини аниқ нишонга олди! Федерико Ботти қанчалик ҳаракат қилмасин, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қола олмади.
1-дақиқа. Учрашув бошланди!
Бош ҳакам Абдурашид Худойберганов хуштагини чалди ва Жиззахдаги "Сўғдиёна" – "Бунёдкор" қарама-қаршилигига старт берилди. Майдон эгалари анъанавий қора-оқ, меҳмонлар эса оқ рангли либосларда ҳаракат қилишмоқда.



