

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур голи - Азим Аҳмедов (“Металлург”)
“Металлург” бу тур Бекободда “БухДУ” билан тўқнаш келиб, йирик ғалабага эришди (3:0). Баҳснинг 37-дақиқасида мезбонлар жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Жарима майдони яқинидан Азим Аҳмедов кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди. Дарвозабонга жонли девор ҳам ёрдам бера олмади. Мазкур гол Championat.asia сайти талқинида тур голи сифатида эътироф этилди.

Тур дарвозабони — Озодбек Маърупов ("Яйпан")
"Яйпан" клуби бу тур ўз уйида “Жайхун”ни қабул қилди ва ғалабага эришди (2:0). Учрашув давомида мезбонлар посбони, Озодбек Маърупов бир қатор сейвларни амалга оширди ва ғалабага ҳисса қўшди. 20 ёшли посбон ҳақли равишда тур дарвозабони номига лойиқ кўрилди.

Тур мураббийи — Асрор Алиқулов (“Шўртан”)
“Шўртан” бу тур Қарши шаҳрида меҳмон бўлди ва Қашқадарё давлат университетининг “Лочин” клуби билан тўқнаш келди. “Геолог“ стадионида ўтган ўйинда Ғузор клуби 2:1 ҳисобида зафар қучди. Мазкур турдан олдин ҳар иккала клуб ҳисобида 7 тадан очко мавжуд эди. Championat.asia сайти сафарда муҳим ғалабани қўлга киритган "Шўртан" бош мураббийи Асрор Алиқуловни тур мураббийи деб топди.

Тур футболчиси — Муслимбек Ҳабибуллаев (“Яйпан”)
"Яйпан"нинг ўз уйидаги ғалабасига катта ҳисса қўшган футболчи 19 ёшли Муслимбек Ҳабибуллаев бўлди. Ўтган тур сафарда "ТерДУ"га битта гол урган ҳужумчи бу сафар "Жайхун" билан баҳсда таблога ўз номини икки марта ёздириб қўйди. 17 ва 35-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилган Муслимбек Ҳабибуллаев championat.asia талқинига кўра, 4-турнинг энг яхши футболчиси дея эътироф қилинди.




