ЎФФ раҳбари футзалчиларнинг тижорат турнирларидаги иштирокини танқид қилди

Оқил Абдубарноев
11 апр 2026
Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Бекзод Маматқулов сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган қатор долзарб масалалар юзасидан расмий муносабат билдирди. Унда миллий чемпионат иштирокчиларининг интизоми, клублардаги молиявий ҳолат ҳамда терма жамоа олдига қўйилган юксак вазифалар хусусида сўз боради.

Федерация раҳбари профессионал клублар билан шартномага эга бўлган, айниқса, миллий терма жамоага номзод футзалчиларнинг ўз жамоасидан ташқари турли тижорат мусобақаларида бошқа ном остида иштирок этаётганини кескин қоралади. Б. Маматқулов бу борада тегишли чоралар кўрилишини таъкидлаб, тартиб ва интизом ўрнатилмас экан, кутилган натижаларга эришиб бўлмаслигини маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, федерация раҳбарияти клублардаги мавжуд ҳолатдан, жумладан, маошлар ва мукофот пулларининг кечикиши билан боғлиқ вазиятдан тўлиқ хабардор. Юқори тизимдаги ислоҳотлар сабабли юзага келаётган бундай кечикишлар тез орада тўлиқ бартараф этилиши ва барча тўловлар охиригача тўлаб берилиши кафолатланган. Шунингдек, янги мавсумдан эътиборан янги тизим жорий этилиши устида қизғин иш олиб борилаётгани билдирилди.

Бекзод Маматқулов ижтимоий тармоқларда мухлислар томонидан билдирилаётган ўринли фикр-мулоҳазалар ва таклифлар доимо қабул қилинишини таъкидлади. Бироқ сўнгги пайтларда яширин аккаунтлар орқали тарқатилаётган, соҳа ривожи йўлида меҳнат қилаётган мутахассислар кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи асоссиз негатив хабарлар кўпайиб бораётгани афсус билан қайд этилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиёда етакчи бўлиши ва қитъа кубогида зафар қучиши федерациянинг бош мақсадларидан бири этиб белгиланган. Ушбу йўналишда жаҳонга машҳур мутахассис Хосе Мария Мендеснинг бош мураббий этиб тайинлангани ва у билан икки йиллик шартнома имзолангани юксак мақсадлар сари ташланган муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Барча мавжуд муаммолар ва футзалимиз олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш мақсадида, келаётган душанба куни Ўзбекистон футзал федерациясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтиши маълум қилинди. Федерация барча мутасаддилар ва мухлисларни ҳамжиҳатликка ҳамда футзал ривожи йўлида бирлашишга чақирди.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: ЎФФ