"Милан" футболчиси жағ қисмидаги синиш сабаб узоқ муддатга сафдан чиқди

Aslanov Jasurbek
23 фев 2026
Италия А Сериясининг 26-туридан ўрин олган "Парма"га қарши баҳс (0:1) "Милан" учун нафақат очко йўқотиш, балки етакчи футболчилардан бирининг жароҳати билан ҳам кўнгилсиз якунланди.

Жамоа ярим ҳимоячиси Рубен Лофтус-Чикнинг қачон майдонга қайтиши маълум бўлди.

Даҳшатли тўқнашув:

Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ (8-дақиқа) Салемакерс томонидан жарима майдончасига узатилган тўпга чиқишда «Парма» посбони Эдоардо Корви муштлари билан тўпни уриб юборди. Бироқ ўша вазиятда у Лофтус-Чикнинг юз қисмига қаттиқ зарба берди. Инглиз футболчиси майдонга қулади ва уни стадиондан замбилда, бўйин қисми махсус мослама билан фиксация қилинган ҳолда олиб чиқиб кетишди.

Операция ва тикланиш муддати:

Тиббий текширувлар натижасида футболчининг юқори жағ қисмидаги суяк (альвеоляр ўсимтаси) сингани маълум бўлди.

Бугун Лофтус-Чик муваффақиятли операция қилинди ва шифохонадан жавоб берилди.

«Россонери» матбуот хизматининг хабар беришича, футболчининг тикланиши учун тахминан 8 ҳафта вақт талаб этилади.

Шундай қилиб, Массимилиано Аллегри яқин икки ой давомида Лофтус-Чик хизматларидан фойдалана олмайди. Бу "қизил-қоралар" учун мавсумнинг ҳал қилувчи палласида катта йўқотиш бўлди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: acmilan.com