Камолиддин Тожиев: "Абдумажидов тез орада терма жамоага чақирилади деб ўйлайман"

Alisher Ostonov
4 мар 2026
Суперлига 2-турдан ўрин олган "Қўқон-1912" - "Пахтакор" (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида пойтахтликлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бугун ўйинни яхши бошладик, тўп назорати ҳам бизда бўлди. Фақат биринчи бўлимдаги вазиятларни голга айлантиришда оқсадик. Қолаверса "Қўқон-1912" ҳам яхши ўйин намойиш этганини айтиб ўтишим керак. Иккинчи бўлимда иккита ўзгаришни қилдик ва иккита гол урдик. Ўйин охирларида эса пенальтидан гол ўтказиб юбордик.



- Қаторасига икки турдан бери захирадан тушаётган ўйинчилар гол урмоқда. Бу аввалдан ўйланган режами?

- Йўқ. Биз футбол ўйнаш ҳақида ўйлаймиз. Бунинг тактикага ҳеч қандай алоқаси йўқ, фақат ҳужумчимиз тўлиқ ўйинга тайёр бўлмагани боис 45 дақиқа вақт беряпмиз. Энди Достон Ҳамдамовга келадиган бўлсак, захирадан тушиб гол уряпти, давомий бўлсин деб қоламиз.

- Ёш футболчилар ҳақида фикрингиз?

- Абдумажидов анчадан бери жамоамизда ўйнаяпти, буни кўпчилик билади. Тез орада терма жамоага ҳам чақирилади деб ўйлайман. Турдимуродовга келсак, унинг келганига ҳали кўп бўлмади. Насиб қилса, ўйиндан ўйинга кучайиб бориб жамоамизга кўп фойдаси тегади.




Alisher OstonovМуаллиф
Манба: championat.asia