
Ильдар Сакаев: “Мағлуб бўлдик. “Бухоро”ни кўп ўрганган эдик. Кетма-кет 10 мағлубият бу жуда ёмон.
- Абубакарнинг четлатилишига муносабатингиз?
- Ўйин вазияти эди. У атайин фол қилишни хоҳлагани йўқ. Футболчи чарчаса хато қилишни бошлайди. Четлатилиш бўлмайди деб умид қилгандим, чунки бизда 7-8 нафар футболчимиз жароҳатланган. Мағлубиятда бирор футболчини айбдор қилиб бўлмайди, бу жамоанинг муваффақиятсилиги. Имкониятимиздан келиб чиқиб курашдик. Футбол контактли спорт тури. Курашлар бўлиши табиий.
- 10 та ўйин, 10 та мағлубият. Жамоани бундай руҳий ҳолатдан чиқаришнинг иложи борми?
- Бу мағлубиятларда ҳаммамиз айбдормиз. Бу вазиятдан чиқиш қийин, аммо ҳар қандай сериянинг охири бўлади. Таслим бўлиш керак эмас.
- “Машъал” бугун аввалги 9 та баҳсдан яхшироқ ўйнади, бироқ ҳужумда омад етишмади. Аягва захирадан тушди, аммо унинг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги билиниб қолди.
- Бизда 8 нафар футболчи жароҳат олган. Имкониятдан келиб чиқиб футболчиларни майдонга туширяпмиз. Ресурсларимиз чегараланган, шу сабабли ўйинда мувозанатни ушлай олмадик. Футболчилар нафақат жисмоний балки руҳан ҳам оғир ҳолатда.
- Жароҳатланганлар кўп экан, келаси баҳсларда ёшлар жамоасидан футболчилар чақириладими?
- Албатта. Ички ресурслардан фойдаланишимиз керак.
- ЖЧ-2026 пайтида Суперлигамизда танаффус пайдо бўлади. Бу вақтдан унумли фойдаланиш учун режаларингиз борми?
- Бу вақтдан жароҳатланганларни сафга қайтиши учун ҳаракат қиламиз, ички манбаларимиздан яхши футболчиларни ўстириб, уларни асосий жамоага жалб қилишга уринамиз.